«Шовона»нинг йўллари равон бўлмоқда

18:50 22 Июль 2024 Жамият
356 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Қўшработ туманига олиб борадиган «Митан—Қўшработ—Нурота» автомобиль йўлининг узунлиги 75 километрни ташкил этади. Ҳозирда мазкур йўлда транспорт ҳаракати ортиб бормоқда.

Жорий йилда республика бюджетидан ажратилган 4,5 миллиард маблағ ҳисобидан мазкур йўлнинг Шовона маҳалласи ҳудудидаги таъмирталаб 9-15 километр қисми текисланиб, асфальт қилинмоқда.

— Ҳар йили йўл қисман ямалаверганидан ҳайдовчилар, йўловчилардан мурожаатлар кўпайиб кетганди, — дейди Қўшработ туман йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси бўлим бошлиғи Исмоил Хидиров. — Давлат дастурига асосан мазкур автомобиль йўлининг эни 7 метрдан 9 метргача кенгайтирилмоқда. Ҳозиргача режадаги 6 километр йўлнинг 2 километрида асфальтлаш ишлари якунланди. Ишчилар томонидан кунига 250-300 метр масофада 3 қават тош, шебен ва битум ташланиб асфальтланмоқда.

Йўлнинг бир томонидан пиёдалар йўлаги ҳам қурилмоқда. Ҳудуддаги ноқонуний қурилмалар олиб ташланиб, савдо-сотиқ дўконлари ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари тартибга солинмоқда.

Қувонарлиси, яқинда тумандаги Дўстлик маҳалласида асфальт ишлаб чиқариш корхонаси фаолият бошлади. Айни пайтда корхонада кунига ўртача 500-600 тонна асфальт ишлаб чиқарилмоқда. Натижада, асфальт қўшни Иштихон, Паяриқ туманлари йўлсозларига ҳам етказиб берилмоқда.

Ушбу автомобиль йўлининг таъмирлаш ишларини шу йилнинг сентябрь ойида якунига етказиш режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер