Шошилинг, Рамазон бизни тарк этмоқда!
Аввал хабар берганимиздек, Тошкент вилоятида ташкил этилган «Рамазон туҳфаси» акциясида тадбиркор ва ишбилармонлар, савобдан умидвор барча саховатпешалар фаол қатнашишмоқда.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати тарқатган навбатдаги хабарда таъкидланишича, шу кунгача 1,5 мингдан ортиқ оилаларга 1 миллиард 437 миллион 247 минг сўм атрофидаги меҳр-мурувват ёрдами кўрсатилган. Ўзи аслида бу ишни ўнг қўл билан қилиб, чап қўлга сездирмаслик савоб эди! Бироқ ҳисоботлар очиқланди. Мурувватли кишилар маблағи туфайли вилоятнинт Ангрен шаҳри, Қибрай, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ каби туманларидаги юзлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар, боқувчисини йўқотган уй бекалари муборак Рамазон баракотидан баҳраманд бўлишди.
Ойлар сарвари бизларни ана шундай сахийлиги, меҳр-муруввати, шафқати, хайру баракоти билан яна бир йилга тарк этмоқда. Афсуски, ўз мол-дунёси билан керилиб юрган ғафлатдаги айрим инсонлар иймоннинг бу лаззатидан бебаҳра қолишмоқда. Саховат сари қўл чўзишга ийманишмоқда. Шошилинг, Рамазон бизни тарк этмоқда!
Шодиёр Мутаҳаров
(«Халқ сўзи»)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг