Шоликорлар учун янги имконият ва рағбатлар тақдим этилади

17:30 22 Июнь 2021 Иқтисодиёт
782 0

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида шоличилик муҳим тармоқ ҳисобланиб, у аҳолининг асосий озиқ-овқат ресурсларидан бири ҳисобланади. Шу боис, ҳозирги сув тақчиллиги шароитида шоли етиштиришда илғор технологияларни қўллаш ғоят муҳимдир.

Шоли дони ер юзида кенг тарқалган бўлиб, у кўп истеъмол қилинадиган қимматбаҳо маҳсулотлар сирасига киради. Унинг юзлаб фойдали хусусиятлари орасида инсон организмида бошқа озуқа моддаларига нисбатан энг енгил ҳазм бўлиши, таркиби витамин ва фосфорорганик бирикмаларга бойлиги жиҳатдан алоҳида ажралиб туради.

Мамлакатимизда шоли ҳозиргача суғориладиган ерларда экилиб, иқлим ўзгаришлари унинг ҳосилдорлигига деярли таъсир кўрсатмайди. Қурғоқчилик шароитларида ҳам талаб қилинадиган агротехнологияларни ўз вақтида қўллашга риоя қилинса, ундан юқори ҳосил олиш мумкинлиги амалиётда ўз исботини топган.

Лекин юртимизда аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодиётнинг жадал ривожланиши натижасида сувга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Бундай шароитда қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланиш, айниқса, экинларни суғоришда сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 10 июндаги «Шоли экиш учун сотиб олинган замонавий уруғ сеялкалари ва кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори билан шоли экиш учун сотиб олинган замонавий уруғ сеялкалари ва кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.

Мазкур ҳужжат давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 февралдаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, у билан шу йил охирига қадар шоли етиштириш учун замонавий уруғ сеялкалари ҳамда кўчатлаб экиш ускуналарини сотиб олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сотиб олинган уруғ сеялкалари, кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг 20 фоизгача қисмини қоплаб бериш тартиби белгиланмоқда.

Аҳамиятли томони шундаки, ушбу ҳужжатга биноан субсидиялар фақат талабгор томонидан сотиб олинган кундан ишлаб чиқарилганига бир йилдан ошмаган қишлоқ хўжалиги техникаси учун ажратилади.Бунда талабгор субсидия олиш учун тегишли ҳужжатларни туман қишлоқ хўжалиги бўлимларига ёзма ва электрон шаклда тақдим қилади.

Туман қишлоқ хўжалиги бўлимлари ҳужжатларни 3 кун муддат ичида ўрганиб чиқиб, агар ҳужжатлар талабларга мувофиқ бўлса, 1 иш кунида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига юборилади ва улар томонидан таҳлил қилинади. Шундан сўнг таҳлиллар Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига юборилиб, Жамғарма уларни 3 иш куни ичида ўрганиб чиқади ва натижасига кўра субсидиялар ажратади.

Сотиб олинаётган қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 20 фоизгача бўлган миқдордаги субсидия пул маблағларини талабгорнинг аризада кўрсатилган асосий банк ҳисобварағига ўтказиш орқали ажратилади.

Агар субсидиялар белгиланган вақтда ажратилмаса, унда талабгор субсидия олиш учун яна қайта мурожаат қилиши мумкин. Жамғарма томонидан ажратилган субсидиялардан мақсадли фойдаланишни ва тўловларни ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда, шоли қадимдан халқимиз учун ризқ-рўз, тўкин-сочинлик рамзи бўлиб келган. Мазкур қарор ва унда белгиланган вазифалар республикада шоли етиштирувчиларни рағбатлантириш билан бир қаторда, аҳолини арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулоти билан таъминлашга хизмат қилади.

Актам ҲАИТОВ,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари
кенгаши раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер