Шолидан бир йилда икки марта ҳосил олинмоқда
Избоскан туманида шолидан бир майдонда икки марта ҳосил олиш юзасидан тадқиқот ишлари олиб борилди. Бу борада Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар маркази тизимидаги шоличилик институти ва Корея Республикасининг “Kopia” маркази билан ҳамкорликдаги изланишлар самара берди. Айни пайтда тадқиқот ишлари якунига етказилиб, “Нодирбек шоликори” фермер хўжалигида иккинчи ҳосилни йиғиб олиш ишлари — якунига етказилди.
— Андижонлик шоликорлар билан олти йил давомида ҳамкорлик қилдик, — дейди “Kopia” маркази директори Ох Сунг Жонг. — Эришган ютуқларимиз амалиётда ўз самарасини бериши, шубҳасиз. Боиси, шу кунгача ҳосилдорликни 40 фоизга, фермер хўжалиги даромадини эса 30 фоизга оширишга эришдик.
Жорий йилда ушбу фермер хўжалигида биринчи мавсумда 65 центнердан, иккинчи мавсумда эса 50 центнердан ҳосил олишга эришилди. Шунда бир гектар майдондаги шолипоядан 11,5 тонна ҳосил ўриб олинди. Анъанавий усулда бир гектар майдондан 35 миллион сўм фойда олинган бўлса, шоличиликка янгича ёндошув натижасида ушбу кўрсаткич 65-70 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг