“Шодиёна”да яна бир шодиёна...
Фото: «Халқ сўзи»
Аввал хабар берганимиздек, “Туркистон” санъат саройида Олий Мажлис Сенати томонидан ташкил этилган “Маҳалла — беш ташаббус бешиги” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Фарғона шаҳридаги «Шодиёна» маҳалла фуқаролар йиғини республика босқичида фахрли биринчи ўринга сазовор бўлиб, тақдирлаш маросимида Сенат раиси Танзила Нарбаева томонидан МФЙга Президент совғаси — “Damas” автомобили ва IT йўналиши ўқув курси учун сертификат (15 кишилик) топширилди.
— Президентимизнинг маҳалламизга кутилмаган ташрифи аҳолини кўп йиллар мобайнида қийнаб келаётган муҳим ҳаётий масалаларга ечим топиш имкониятини яратди, — дейди “Шодиёна” МФЙ раиси Зоҳиджон Худойбердиев. — “Шодиёна” Фарғона шаҳрининг марказида жойлашган. Маҳалланинг бугунги ҳусну малоҳати ҳавас қилса арзийдиган даражада муҳташам қиёфа касб этган. Бу ерда истиқомат қилувчи 6700 нафардан ортиқ маҳалла аҳли ушбу янгиланиш ва ўзгаришлар ташаббускори бўлган давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдор.
Маълумки, 2020 йилнинг 4-5 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари Фарғона шаҳрида жойлашган “Шодиёна” МФЙ аҳолиси билан суҳбатлашган эди. Маҳалладаги аянчли манзаралар кескин танқид қилинганди. Шундан сўнг “Шодиёна” МФЙнинг бош режаси ишлаб чиқилиб, маҳалла гузари ва биноси қуриб битказилди. Замонавий лойиҳа асосида “Ёшлар меҳнат гузари”, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари барпо этилди. Маҳалладаги 16 та кўп қаватли уйлар мукаммал таъмирланиб, 5 та болалар майдончаси барпо этилди. 17 та кўчада яшовчи 1780 та хонадон эгалари мароқли ҳордиқ чиқариши учун дам олиш маскани ташкил этилиб, манзарали дарахтлар, мавсумий гуллар экилди. Коммуникация тармоқлари янгиланиб, ички йўллар асфальтланди, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди, оптик алоқа тармоғи тортилди.
“Ишга марҳамат” мономаркази, бир ойлик “Тадбиркорлик асослари” ўқув курси ташкил этилиб, 26 та касб-ҳунар, 5 та хорижий тилни ўргатиш йўлга қўйилди. Ўтган вақт мобайнида “Темир дафтар”га киритилган 108 нафар, “Аёллар дафтари”даги 44 нафар, “Ёшлар дафтари”даги 20 нафар шодиёналиклар кафолатли иш билан таъминланиб, рўйхатдан чиқарилди.
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг