Шифо ихлосдан
Фото: Халқ сўзи
«Кеч олиб келибсизлар», «фақат хорижда даволаш мумкин»...
Беш олти йил илгари шифокорларимиз ушбу иборани тез-тез қўллар, умид ва илтижо билан тикилган кўзлардан нигоҳларини қаерга олиб қочишни билишмасди.
Аслида яқин-яқинларгача касалликни яширин давридаёқ аниқлашнинг имкони бемор тугул шифокорларимизда ҳам чегараланган эди. Фонендоскоп ва тонометргагина эга врачларимиз, бир қатор маккор хасталикларни эрта аниқлай олмай, унинг асоратларини даволашда эса ожиз қолишарди. Аҳолининг тиббий маданияти борасида сўзласак, кўпчилик жонидан ўтмагунча «судралиб» юравергани ҳам бор гап. Бунинг ўзларига боғлиқ бўлмаган сабаблари ҳам анчагина. Айтайлик, Навоий вилояти Томди туманининг олис Аяқудуқ овулидаги юртдошимиз онкодиспансер текширувидан ўтиши учун қарийб 600 чақирим йўл босиб, вилоят марказига келиб кетиши, таҳлил натижаларини камида икки кун кутиши лозим эди.

Албатта, ҳар кимнинг соғлиғи, саломатлиги, аввало ўзига керак. Бироқ малакали, сифатли тиббий хизматнинг олислиги, юқори технологияларга асосланган муолажа ва жарроҳлик амалиётларининг марказда, аксариятининг эса хорижда амалга оширилиши, тиббий жиҳозланишнинг шўро давридан «анъана»га кўра – марказдан ортгани билан таъминлашга асослангани чекка ҳудудларда одамларнинг тиббиётдан ихлосини қайтаргани ҳам бор гап. Бир сўз билан айтганда ҳудудларда соғлиқни сақлаш тизимлари туб ислоҳотга муҳтож эди.
Айнан шу мақсадларда Республикамиз Президенти ташаббуси билан мамлакатимиздаги илмий марказ ва республика клиникаларининг тажрибали шифокорлари ҳудудларга сафарбар этилди. Тиббиёт муассасаларининг энг илғор технологиялар билан жиҳозланишида бир қатор имтиёз ва эркинликлар берилди. Хусусан, Навоий вилоятидаги кўп тармоқли тиббиёт марказида иш бошлаган салоҳиятли мутахассисларнинг малака ва тажрибалари туфайли туғма юрак етишмовчилигини бартараф этиш, буйрак кўчириш ва бошқа бир қатор мураккаб жарроҳлик операцияларини амалга ошириш ўзлаштирилди.
— Марказимизга сўнгги икки йилда 96 турдаги энг замонавий, юқори технологияга асосланган тиббий ускуналар келтирилди, — дейди марказнинг радиолог врачи Карим Раҳмонов. — Ушбу жиҳоз ва лаборатория ускуналари ёрдамида даволаш мураккаб бўлган касалликларни дастлабки босқичлардаёқ аниқлаш ва муолажа чораларини қўллаш имкониятига эга бўлдик.
Марказ лабораториясида таҳлил натижаларини олиш учун энди соатлаб кутиш ҳам шарт эмас. Бир вақтнинг ўзида 60 та қон намунасини бир неча кўрсаткич бўйича текшириш имкониятига эга лаборатория жиҳозлари беморларни қийнаб келаётган касаллик сабабини аниқлаш, ташхис қўйиш, муолажанинг ножўя таъсирларидан ҳимоя қилиш имконини беради.

Хуллас, шифо масканига бугун навоийликларнинг ихлоси ошди. Айниқса юрак қон-томир касалликларидан азият чекиб, юқори технологик операция зарурати туғилган беморлар эндиликда шифо истаб пойтахт ёки бошқа мамлакатга боришмайди. Интервенцион кардиология йўналишида амалга оширилаётган ишлар самараси ўлароқ, жорий йил бошидан буён 134 нафар бемор юрагида юқори технология асосланган жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Юрак клапанларининг туғма ва орттирилган нуқсонларини бартараф этиш, зарарланган юрак тож томирлари пластикаси ва стендлаш сингари бир қатор замонавий оператив даво муолажалари муваффақиятли бажарилмоқда.
— Олти-етти йил аввал юртдошларимиз ушбу амалиётларни олиш учун қарз кўтариб, ҳатто уй-жойини сотиб, хорижда даволаниб келишарди, — дейди марказ бош шифокори Бахтиёр Умаров. — Бугун ушбу амалиётларнинг барчаси ҳар бир вилоят марказларида бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Яна бир самарани алоҳида эътироф этиш жоиз, юрак тож томирини стендлаш натижасида беморларда миокард инфарктининг олди олинади. Миокард инфаркти маълумки, ўта кутилмаган, (ҳатто ўлим) умрбод ногиронлик асоратлари билан беморга хавф солиб туради. Ушбу амалиётни амалга ошириш натижасида эса беморнинг нафақат ҳаёти сақлаб қолинади, балки яшаш сифати ҳам яхшиланади.

Марказда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 18 нафар беморда мураккаб, юқори технологик нейрохирургик операциялар бажарилди. 40 нафар бемордаги кўз касалликлари асорати жарроҳлик амалиёти орқали даволанди. 8 нафар беморда буйрак трансплантацияси бажарилди. 125 нафар фуқарога эса юқори технологик травматологик тиббий хизмат кўрсатилди. Шунингдек, чаноқ-сон ва тизза бўғимларини тотал эндопротезлаш амалиёти ҳам муваффақиятли бажарилмоқда. Шифокорларнинг хорижда тажриба ошираётгани тиббий хизмат сифатини янада яхшилашда муҳим омил бўлмоқда.
— Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Р. Вреден номидаги травматология ва ортопедия миллий тиббий тадқиқот илмий марказида малака ошириб келдим, — дейди марказнинг травматологи Матёқуб Тўхтаев. — Ҳозирги кунда нафақат вилоятимиз балки қўшни ҳудудлардан келган беморларда ҳам чаноқ-сон ва тизза бўғимларини тотал эндопротезлаш амалиётларини ўтказиб, соғлом ҳаётга қайтармоқдамиз.
Бугун марказда нафақат маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш, балки хориждаги нуфузли клиникалар шифокорларини ҳам тиббиёт муассасасига жалб этган ҳолда янги-янги, самарадор жарроҳлик амалиётларини ўзлаштириш, ўзаро тажриба алмашиш, беморларга сифатли, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш кенг йўлга қўйилган.
— Бизнинг кардиожарроҳлардан иборат бригадамиз Навоий шаҳридаги ушбу марказда болалар ва катталарда бир неча мураккаб кардиожарроҳлик амалиётларини амалга оширишди, — дейди россиялик кардиожарроҳ Алексей Зубриский. — Марказнинг энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланганлиги барча амалиётларнинг самарали ўтишини таъминламоқда. Шу билан бирга яна бир қатор мураккаб жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш учун зарур бўладиган тиббий жиҳозлар бўйича ўз таклифларимизни бердик. Ишончим комилки, бу жиҳозлар билан марказ яқин кунларда таъминланади. Сабаби бугун Ўзбекистонда инсон саломатлиги муҳофазаси давлат сиёсати мақомида таъминланмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари жорий йилнинг 18 март куни «Инсон қадри учун» деган эзгу ғояни амалга оширишда соғлиқни сақлаш тизими ва жонкуяр тиббиёт ходимларига таянамиз» мавзусида ўтказилган очиқ мулоқот ҳамда шу йил 24 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан «очиқ мулоқоти»да белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишида соғлиқни сақлаш тизими самарадорлигини янада ошириш, ҳудудларда бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва уларнинг тармоғини кенгайтиришни кечиктириб бўлмас вазифалар сифатида белгилаб берди. Мазкур вазифалар ижроси юзасидан Марказнинг малакали мутахассислари туман тиббиёт бирлашмаларига бириктирилиб, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш бўйича зарурий тавсиялар бериб, маҳорат дарсларини ташкил этишмоқда.
— Республикамиз марказий клиникаларида ўтказилаётган мураккаб жарроҳлик амалиётларининг деярли 90 фоизини марказимизда ўтказишни ўзлаштирдик, — дейди бош шифокор Бахтиёр Умаров. — Бугунги кунда малакали жарроҳлардан иборат трансплантация ўтказадиган жамоани Ҳиндистонга малака ошириш учун юборганмиз, ундан кейин улар яна бир хориждаги нуфузли клиникаларда тажриба ва салоҳиятини оширишади. Шунингдек, бир нафар мутахассисимиз Саудия Арабистонида малака оширмоқда. Шахсан ўзим Новосибирск(Россия)да малака ошириб келдим. Насиб этса, яқин келажакда жигар трансплантациясини амалга оширишни йўлга қўямиз.
Таъкидлаш жоиз, амалга оширилаётган юқоридаги тадбирлар яқин истиқболда ўз самараларини бериши тайин. Саломатлик туман бойлик экан унга масъулият билан муносабатда бўлиш, тан сиҳатлигидек неъматни борида қадрлаш, ўз вақтида шифокорга мурожаат этишдек оддий ва муҳим қоида эса ҳар доим ўзгаришсиз қолаверади.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг