Сенатор томонидан Яшнобод тумани маҳаллаларида хавфсиз муҳитни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш ишлари ўрганилди

11:46 04 Февраль 2026 Сиёсат
382 0

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуратов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳри Яшнобод тумани маҳаллаларида хавфсиз муҳитни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

Ўрганишлар доирасида тумандаги «Арғин» ва «Хосиятли» маҳалла фуқаролар йиғинларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантиришга қаратилган ишлар кўриб чиқилди.

Криминоген вазият нисбатан оғир бўлган маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар, аҳоли билан ишлашга асосланган ижтимоий профилактика механизмларининг амалий самарадорлиги таҳлил қилинди. Бу борада профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари ва бошқа масъул тузилмалар ўртасидаги ҳамкорлик ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, маҳаллаларда видеокузатув камералари, домофон тизимлари ва «ташвиш тугмалари» ўрнатилиши ҳолати ўрганилди. Ишчи гуруҳ томонидан савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини рақамлаштириш орқали яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, маиший коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳамда тадбиркорлар учун қулай муҳит яратиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ аъзолари аҳолини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан фуқаролар билан бевосита суҳбатлар ўтказди.

Ўрганиш ва таҳлиллар натижалари «маҳалла еттилиги», профилактика инспекторлари ва бошқа масъул ходимлар иштирокида муҳокама қилиниб, аҳоли хавфсизлигини таъминлашда тизимли ёндашувни янада кучайтириш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер