Сенат раиси Танзила Норбоева Қўқон университети талабалари билан учрашди
Шу кунларда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Фарғона вилояти шаҳар-туманларида бир қатор учрашувлар ўтказди. Ташриф давомида парламент юқори палатаси раиси иштирокида Фарғона ва Қўқон шаҳарларида ҳам мароқли учрашувлар ташкил этилди.
Хусусан, Танзила Норбоева Қўқон университетида бўлиб, бу ерда талабаларга яратилган шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишди ҳамда йигит-қизлар билан юзма-юз суҳбатлашди.
Самимий мулоқотда Сенат раиси ёшларга доир давлат сиёсати самарадорлигини таъминлаш, ёшларнинг муаммоларини самарали ҳал қилиш мақсадида мутлақо янгича тизимда иш олиб борилаётганини таъкидлади. Бу борада янги таҳрирдаги Конституция хотин-қизлар ҳамда ёшлар масаласига оид янгиликлар билан бойитилгани, бунинг самараси сифатида келгусида айни жабҳада ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар кўлами янада кенгайишини эътироф этди.
Ўз навбатида талаба-ёшлар янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган нормалар мазмун-моҳияти ҳақида ўз фикрларини билдириб, ҳукумат ва ёшлар ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтайдиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига университетлардан ҳам вакил сайлаш таклифини илгари суришди. Эзгу ташаббус Сенат раиси томонидан маъқулланди.
— Қўқон университетидек янги, замонавий университетлар бўлиши барчамизнинг энг эзгу орзу-мақсадимиз эди, — деди Т. Норбоева. — Чунки яқин йилларгача юртимизда олий таълим муассасалари сони камлиги боис мактаб битирувчиларининг ОТМга қамров даражаси жуда кам бўлган. Эндиликда жойларда шундай замонавий таълим беришга ихтисослашган, ёшларни қизиқтирган барча йўналишларга эга университетларнинг фаолият бошлаши жуда катта имкониятдир.
Давра суҳбати якунида мамлакатимизни ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси, халқимиз фаровон ҳаётининг келажакдаги мустаҳкам ҳуқуқий асоси ҳисобланган янгилаётган Конституция бўйича референдумда фаол иштирок этиш барчамиз учун ғурур ва ифтихор рамзи эканлиги айтиб ўтилди. Шу боис Қўқон университети талабалари бир овоздан «Конституция ўзимизники, биз бефарқ эмасмиз!», дея референдумда фаол қатнашишларини билдирдилар.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг