Сенат раиси “Давлат тили ҳақида”ги қонун ижросини асосли танқид қилди
Фото: Х.Пайдоев / Халқ сўзи
Мунисхон Каримова, “Халқ сўзи Online”/Тошкент. Тошкентда Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Мажлис аввалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилиб, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий иқтисодий, маданий маърифий ҳаётидаги ислоҳотлар ва йўл қўйилаётган камчиликлар устидан самарали парламент назорати натижалари хусусида сўзлади.
Маърузада айтилишича, қонун, ижроси билан кучли. Жамиятда қонун устуворлиги, аввало, унинг ижроси қай даражада таъминлангани билан боғлиқ.
Афсуски, ҳатто қонун ижросини таъминлашга бевосита масъул бўлган вазирлик ва идораларда ҳам бу ҳақиқат моҳияти тўлиқ англаб етилгани йўқ, деб қайд этди Сенат раиси.
Ачинарлиси, қонун ижросини таъминлашдаги сусткашлик, қонуннинг ўзига ҳурматсизлик ва беписандлик у ёки бу соҳанинг умумтараққиётдан орқада қолишига, ҳатто инқирозга юз тутишига сабаб бўлмоқда.
Мисол учун, 2019 йилда “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилинганига 30 йил тўлади.
Тарихимиздаги ушбу шонли санани муносиб нишонлашга пухта тайёргарлик кўриш ва тилимиз ривожи билан боғлиқ муаммоларни таҳлил этиш мақсадида “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг Тошкент шаҳрида, шунингдек турли вазирлик ва идораларда ижро этилиши ҳолати ўрганилди.
Энг афсусли жиҳат шундаки, тилнинг ижтимоий онгни шакллантирувчи муҳим омил саналишига ва инсон қайси тилда сўзласа ва фикрласа, ўша тилдаги мафкурага мойил бўлишига аҳамият қаратмадик.
Аксинча, Қонун ижросини назорат қилишга масъул бўлган парламент ҳузуридаги Доимий тил комиссияси ҳамда Атамашунослик қўмитаси фаолиятлари тугатилди, лотин ёзувига асос- ланган ўзбек алифбосини жорий этиш ишлари эса, белгиланган муддатда тўлиқ якунига етказилмади.
Кейинчалик қабул қилинган қонунлардаги нормаларнинг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунга мувофиқлигини таъминлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолди.
Маърузада яна бир қатор долзарб муаммолар қайд этилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг