Самарқандда сомонли майдон ва «Matiz» ёниб кетди

18:56 12 Июль 2024 Жамият
834 0

Фото: Самарқанд вилояти ЙҲХБ

Самарқанд туманида сомонли майдон ва йўл ёқасида турган «Matiz» ёниб кетди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса бугун, 12 июль куни соат 16:28 да Самарқанд тумани Янги ариқ МФЙ ҳудудида содир бўлган. Вилоят ФВБга Фуқаро Ж.О. бошқарувидаги «Matiz» русумли автомобиль ҳамда йўл ёқасидаги “И.А.С.” фермер хўжалигига қарашли сомон қолдиқлар мавжуд майдонда ёнғин содир бўлганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Фото: Самарқанд вилояти Экология бошқармаси

Чақирувга кўра, воқеа жойига 2 та Ёнғин-қутқарув экипажи соат 16:37 да етиб бориб, аланга соат 17:18 да ўчирилган.

«Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Самарқанд вилояти Экология бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, машинада қисқа туташув туфайли ёнғин чиққан. Оқибатда аланга шу атрофдаги фермер хўжалик даласидаги ғалладан бўшаган ерга ҳам ўтиб, 0,30 гектар ер майдонида сомон қолдиқлари ёниб кетган.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқий баҳо беришлик учун суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилояти Тўрақўрғон туманининг Ахси маҳалласида сомон қолдиғини ёқиб юборган шахс жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер