Самарқандда обод маҳаллалар кўпаймоқда

19:47 27 Сентябр 2023 Жамият
701 0

Фото: “Халқ сўзи”

Давлатимиз раҳбарининг топшириғи бўйича жойларда оғир ҳудуд деб белгиланган аҳоли манзилларида “Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” мезонлари асосида ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш ишлари давом этмоқда.

Ана шундай манзиллардан бири Иштихон туманидаги Чағатой маҳалласида хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда. Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Сариев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳининг маҳалладаги ўрганишларидан сўнг, ҳудудда йўл, электр-энергияси, ичимлик суви, ободонлаштириш ишлари, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва бандлик, ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш каби масалаларни ҳал этишга киришилди. Бугунги кунда мазкур маҳалладаги 1026 та хонадонда 6186 нафар аҳоли истиқомат қилади. Оилалар сони 1256 та. Дастлаб, маҳалладаги барча хонадонларда хатлов амалга оширилиб, тегишли ташкилотлар томонидан хонадонма-хонадон юрилиб, аҳоли муаммолари реал ўрганилди.

Шундан сўнг кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож   оилаларга уйларини таъмирлаш учун қурилиш материаллари олиб берилди. Тумангаз таъминоти корхонаси томонидан 600 та суюлтирилган газ баллонлари янгисига алмаштирилди. 45 та хонадонда ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, атроф чиқиндилардан тозаланди. Маҳалладаги 1700 метр электр тармоқлари янгиланди.

— Маҳалламизда аҳолининг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган катта ҳажмдаги эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Яқиндагина 53-умумтаълим мактабига замонавий янги бино қуриб берилган эди. Мана ҳозирда йўлларга асфальт, шағал ётқизилиб, атроф ободонлаштириляпти. Трансформаторлар янгиланиб, электр таъминоти яхшиланяпти, — дейди “Чағатой” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сайфиддин Холмаматов. — Бундан руҳланган халқимиз ҳам жараёнларда фаол иштирок этяпти. Уларнинг ёрдами билан маҳалладаги 4 та қабристонда ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Президент Халқ қабулхонаси, вазирликлар, қўмиталар ва вилоят секторлари масъулларининг “Чағатой”даги ўрганишлардан сўнг “Чағатой — Юқори Чағатой” йўлининг 2300 метр қисмига шағал ётқизилиб, асфальтлаш ишлари олиб борилди.

— Мазкур маҳаллада 20 километрдан ортиқ ички йўллар мавжуд бўлиб, ҳозирда уларни шағаллаштириш ишлари олиб борилмоқда, — дейди туман ободонлаштириш бўлими мутахассиси Қаҳрамон Элмуродов. — Бундан ташқари ҳудудда 5 километр маҳаллий аҳамиятдаги асфальт йўл ҳам бор. Уни ҳам таъмирлаш кўзда тутилган.

Республика Ишчи гуруҳининг ўрганишлари давомида   хотин-қизлар иштирокида “ободлик кўнгилдан бошланади” мавзусида оила дарслари ташкил қилинди. Туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан маҳалладаги даволанишга муҳтож 500 нафардан ортиқ аҳолининг саломатлиги текширилиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.  

— Президентимиз ташаббусига асосан маҳалламизда “Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” лойиҳаси асосида катта ҳажмда ишлар олиб борилиб, бизнинг маҳалламиз ҳам ҳудуддаги намунали даражага олиб чиқиляпти, — дейди Хуршида Раҳмонова. — Қачонки хонадон обод бўлса, шундан кейин кўча ва маҳалла обод бўлади. Буни яхши англаб етган маҳалламиздаги барча фуқаролар, айниқса ёшлар ва хотин-қизлар бефарқ бўлмаган ҳолда бу жараёнга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Тегишли дастурга кўра, Самарқанд вилоятининг оғир ҳудудларидан ҳисобланган Каттақўрғон туманидаги “Чуянчи”, Паст Дарғом туманидаги “Олти қаҳрамон” ва Оқдарё туманидаги “Янгиқўрғон” маҳаллаларида ҳам кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб бориляпти.

Албатта, бундай эзгу ва хайрли ташаббуслар халқимизни бахтли ва фаровон яшаши учун муносиб шароит яратишга хизмат қилиши билан бирга, мамлакатимизда инсон — жамият — давлат деган халқчил ғоя амалда изчиллик билан қарор топаётганидан дарак беради.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер