Самарқандда “Ер юзининг сайқали” кўргазмаси иш бошлади
Фото: Халқ сўзи
Илм-фан, маданият ва санъат бешиги, улуғворлик, тараққиёт ва юксалиш тимсоли бўлган Самарқанд буюк тарихга эга шаҳар ҳисобланади. Негаки, бу замин инсоният цивилизациясида муҳим роль ўйнаган, тарих саҳифаларида номи зарҳал ҳарфлар билан ёзилган ва ўчмас из қолдирган. Зарафшон воҳаси ҳудудидан топилган тарихий ашёлар, ноёб топилмалар ана шу буюк тарихдан дарак бериб туради.

“Ер юзининг сайқали” деб номланган кўргазманинг очилиш маросимида қайд этилганидек, бугун мамлакатимизда музейларга бўлган эътибор ошди. Бу соҳа вакиллари нуфузли халқаро кўргазмаларда иштирок этяпти, ривожланган мамлакатлар билан музейшуносликдаги ҳамкорлик кучайди. Бу юртимиз, хусусан, Самарқанд тарихини жаҳон халқларига танитишда муҳим ўринга эга.
Мазкур кўргазма ўзбек халқи ва давлатчилик тарихи, биринчи ва иккинчи ренессанс даври, буюк алломалар ҳаёти ва фаолияти, унда Самарқанднинг юксак сиёсий ҳамда маданий ўрнини намоён этишга хизмат қилади.
— Кўргазма орқали Мовароуннаҳр ва Хуросонда яшаб ижод қилган буюк мутафаккирлар, алломаларнинг дунё илм-фанига қўшган ҳиссасини, уларнинг асарларини, сиймоларини археологик, этнографик манбалар ёрдамида таништириб бориш ҳам кўзда тутилган, — дейди музей бош муҳофизи Маҳмудхон Юнусов. —Шу боис кўргазма даврий тартибда ташкил қилинган бўлиб, унда бронза ва илк темир даврида Самарқанд тарихидаги сиёсий, маданий жараёнлар, Самарқанднинг Буюк Ипак йўлидаги мавқейи, савдо йўлларида сўғд тилининг аҳамияти, ўрта асрларда сопол, тошлар, металл ва шишадан ишланган нодир буюмларнинг намуналари ўрин олган.

Шунингдек, кўргазма доирасида IX-XII асрлардаги биринчи Ренессанс даврида Самарқандда тараққий этган илм-фан ва маданиятнинг Мовароуннаҳр ривожига таъсири ҳамда Самарқанд тарихини ўрганиш билан боғлиқ археологик ва этнографик экспедицияларда топилган ашёлар тарих ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилинмоқда.
Бундан ташқари, Соҳибқирон Амир Темурнинг Самарқандни илм-фан ва маданият марказига айлантириш, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт фаровонлиги йўлида қўшган улкан ҳиссаси ҳам музей ашёлари ёрдамида кўрсатиб берилади. Айни жараёнда Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Али Қушчи каби алломаларнинг илм-фанга қўшган ҳиссаси ва маданий меросига кенг ўрин ажратилган.
Кўргазма жорий йилнинг октябрь ойига қадар давом этади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг