Самарқандда энг яхши бошқарув сервис компанияси аниқланди

14:50 03 Март 2025 Жамият
163 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишни яхшилаш, бошқарув органларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг илғор иш тажрибасини оммалаштириш мақсадида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган «Энг яхши кўп квартирали уйни бошқариш органи» республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари ўтказилмоқда.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 60 дан ортиқ бошқарув органи фаолият юритаётган бўлса, шундан 15 таси танловнинг биринчи босқичида иштирок этди. Улар орасидан энг юқори натижага эришган 7 та бошқарув сервис компанияси кейинги босқичга йўл олди.

Ушбу танловнинг вилоят босқичида бошқарув органлари ўзларининг ишчи-ходимлари, моддий-техник базалари билан қатнашди. Танлов комиссияси аъзолари томонидан иштирокчиларни баҳолашда бошқарув органларининг замонавий талабларга қанчалик жавоб бериши, кўп қаватли уйларнинг техник ҳолати, бошқарув сервис компанияси таркибидаги ишчи-ходимлар шайлиги ҳамда қонунчилик ҳужжатларидан қанчалик хабардорлиги каби мезонлар инобатга олинди. Шунингдек, бошқарув органлари тўғрисида аҳолининг фикри ва баҳоси ҳал қилувчи овозга эга бўлди.

Якуний натижага кўра, танловнинг республика босқичига йўлланмани Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи «Бўстонсарой коммунал» бошқарув сервис компанияси қўлга киритди. Танловнинг вилоят босқичи ғолибига Самарқанд вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасининг махсус диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер