Самарқандда болалар веломарафони ўтказилди

22:52 30 Май 2022 Жамият
853 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд шаҳрида 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан мактабгача ёшдаги болалар ўртасида II веломарафон ўтказилди.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирда 120 нафар 6 ёшли ўғил-қизлар иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати Раиси, Ўзбекистон велоспорт федерацияси раиси Танзила Норбоева, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори в.б. Ханс-Ульрих Им ўтган йил илк бор Тошкент шаҳрида, бу йил Самарқандда ўтказилаётган мазкур тадбир фарзандларимизни ёшлигидан спорт билан шуғулланишга даъват этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Шунинг учун ҳам келгуси йилдан бу марафонни юртимизнинг барча ҳудудларида ўтказиш кўзда тутилгани қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, болалар ва ўсмирларни экологик, жисмоний тарбия ва спортга оммавий жалб қилиш масалалари Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.

Мактабгача таълим вазирлиги масъулларининг маълум қилишича, 2021 йилда мактабгача таълим тизимида экологик таълим-тарбия ҳамда болалар учун беговел ҳайдаш методикасини жорий этиш бўйича лойиҳа ишга туширилди. Бунинг учун 13 та таянч давлат мактабгача таълим ташкилоти 400 та беговел билан таъминланди. Жорий йилда эса лойиҳа доирасида 20 та давлат МТТга 500 та беговел тақдим этилди. Жумладан, Самарқанддаги бир қатор мактабгача таълим ташкилотлари ҳам мазкур лойиҳага қўшилди. Беговелларнинг асосий устун жиҳати шундаки, унда кичик ёшдаги болалар мувозанатни ушлашни қийинчиликсиз ўрганишади ва бу уларга келажакда оддий велосипедга ўтиш жараёнини осонлаштиради.

Ўтказилган болалар веломарафонининг асосий мақсади атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил транспорт туридан фойдаланиш соҳасида барқарор кўникмаларни ривожлантириш, шунингдек, мактабгача ёшдаги болалар ўртасида велоспортни оммалаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга ўргатишдан иборат.

Веломарафонда иштирок этган болалар эсдалик медаллари, совғалар билан тақдирландилар. Улар учун кўнгилочар дастур ташкил этилиб, санъаткорлар билан биргаликда турли танлов ва ўйинларда иштирок этишди.

Тадбир доирасида Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан вилоят велоспорт федерациясига 2 та «Дамас» автомашинаси ва 40 та замонавий велосипед топширилди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер