Самарқандда 92 минг нафарга яқин бола биринчи синфга қадам қўйди
Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида 1272 та умумтаълим мактаби, 18 та ихтисослаштирилган мактаб, битта Президент мактаби ҳамда 46 та нодавлат таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда жами 777 мингдан зиёд ўқувчи таълим оляпти.
Янги ўқув йилида эса вилоят бўйича 91 минг 700 нафардан зиёд бола биринчи синфга қадам қўйди.
Бугун вилоятдаги барча умумтаълим мактабларида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Самарқанд шаҳридаги 43-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирок этди.

Вилоят раҳбари ўқувчи ва ўқитувчиларни Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги ва янги ўқув йили билан табриклаб, биринчи синфга қадам қўйган болажонларга “Президент совғаси”ни топширди.
— Муассасамизда 1630 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, — дейди 43-мактаб директори ўринбосари Фарангиз Дўстмуродова. — Уларга 76 нафар малакали ўқитувчи таълим-тарбия бериб келяпти. Ўтган ўқув йилида мактабимизни 70 нафар ўқувчи битирган бўлса, уларнинг 30 нафари олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Жорий ўқув йилида эса 140 нафардан зиёд ўқувчи биринчи синфга қабул қилинди.
“Биринчи қўнғироқ” тадбирида қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда таълим сифати ва моддий-техника базасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда вилоятда 81 та мактаб, 6 та мактабгача таълим ташкилоти, иккита олий таълим даргоҳи, 9 та спорт иншооти қурилди.
Нодавлат мактаблар ташкил этишга қаратилган эътибор туфайли бу йил яна 5 та хусусий мактаб фаолият бошлади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг