Самарқанд вилоятининг сайёҳлик салоҳияти Канадада тарғиб қилинмоқда

17:11 09 Декабрь 2023 Жамият
244 0

Фото: “Дунё” ахборот агентлиги

Самарқанд вилояти делегацияси Канадада бўлиб ўтаётган нуфузли “Montreal International Tourism and Travel Show – 2023” халқаро туризм ярмаркасида иштирок этмоқда. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси маълумотига кўра, Канадада бўлиб ўтаётган халқаро тадбирда Самарқанд вилояти делегацияси вилоятга хорижий сайёҳларни жалб этиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ўз маҳсулотлари ва туристик хизматларини тақдим этмоқда.

Жумладан, делегация аъзолари хорижий давлатларнинг сайёҳлик компаниялари ҳамда хорижий мамлакатлар туризм идоралари вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказишди.

Учрашувлар давомида хорижликларга Самарқанд вилояти туризм салоҳияти, халқаро аэропортининг имкониятлари, туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш йўналишида олиб борилаётган ишлар, сайёҳлар учун вилоятда яратилган инфратузилма объектлари ҳамда ўзбек халқининг бой тарихий ва маданий мероси тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилмоқда.

33-маротаба ташкил этилган “Montreal International Tourism and Travel Show – 2023” халқаро туризм кўргазмаси Америка қитъасида ташкил этиладиган энг йирик туризм ярмаркаларидан бири ҳисобланади. Мазкур кўргазмада 100 дан ортиқ мамлакатдан 50 минг нафарга яқин соҳа вакиллари ўз тақдимотлари билан қатнашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британиядаги нуфузли “World Travel Market London – 2023” кўргазмасида Ўзбекистон миллий павильони ташкил этилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер