Самарқанд вилоят мактаб ва мактабгача таълим тизимида бир қатор янги бинолар фойдаланишга топширилди
Мисол учун, Сайҳун маҳалласида жойлашган 77-умумтаълим мактабида 360 ўринли янги ўқув биноси барпо этилди. Лойиҳа доирасида 4 миллиард 320 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, ўқувчилар учун замонавий талабларга жавоб берадиган барча шароитлар яратилди.
Янги бино ишга туширилиши натижасида мактабнинг қуввати 900 ўринга етди. 1052 нафар ўқувчи таҳсил олаётган таълим муассасасида қўшимча 21 та янги иш ўрни яратилди.
Таълим сифатини яхшилашга қаратилган ишлар доирасида Самарқанд шаҳрининг Сўфи Розиқ маҳалласида жойлашган 6-сон, Тожмаҳал маҳалласидаги 39-сон, Мақсуд Шайхзода маҳалласи ҳудудидаги 44-умумий ўрта таълим мактабларининг ҳам ҳар бирида 240 ўриндан бўлган қўшимча янги ўқув бинолари қурилиб фойдаланишга топширилди.

- Бизнинг 39-умумий ўрта таълим мактабининг 240 ўринли қўшимча янги ўқув биносининг ишга тушиши натижасида мактабнинг қуввати 690 ўринга етди, — дейди мактаб директори Насиба Раҳимова. — Шунингдек, қўшимча 17 та янги иш ўрни ҳам яратилди. Бу эса таълим олиш коэффициентини бир мунча пасайтириш имконини берди. Бундан мактаб жамоаси, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳам мамнун.
Бундан ташқари Самарқанд шаҳрининг Ҳазора маҳалласида замонавий 82-давлат мактабгача таълим ташкилоти янги биносининг ҳам очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги боғча замонавий шарт-шароитлар билан таъминланган ҳолда маҳалладаги 180 нафар болани мактабгача таълим билан қамраб олди.

Бу каби эзгу ишлар вилоятнинг чекка ҳудудларида ҳам давом этмоқда. Жумладан, Каттақўрғон туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Янги иншоот Давлат дастури асосида 570 ўринга, ташаббусли Бюджет доирасида 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган ўқув биноси ҳамда спорт зални ўз ичига олади. Мактаб зарур жиҳозлар билан таъминланиб, ўқувчилар учун қулай ва сифатли таълим олиш имкониятлари яратилди.
Шунингдек, туманнинг “Зарқўрғон” маҳалласида 35-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам фойдаланишга топширилди. Мазкур таълим-тарбия маскани тўлиқ қайта таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди ҳамда болажонлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди.

Нарпай туманининг Халқобод маҳалласида жойлашган, 5 миллиард 200 миллион сўм эвазига қайта реконструкция қилинган 210 ўринли 15-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳам болажонлар учун ўз эшикларини очди.
Янги таълим-тарбия масканларининг очилиш маросимларида соҳа ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. Унда сўзга чиққанлар мамлакатимизда таълим сифатини ошириш йўлидаги барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда ёшлар учун зарур шароитлар яратилаётганлигини эътироф этишди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг