«Саховат ва кўмак» йўлида бирлашамиз!
Самарқанд вилоятида ҳам «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб, ушбу ҳаракатга ўзининг беминнат ҳиссасини қўшишга ошиққан юртдошларимиз, тадбиркорларимиз ўзига хос бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби фазилатларни намоён этмоқда.
Мазкур ҳаракат доирасида амалга оширилаётган саховат тадбирлари Паяриқ туманидаги «Дарвишиқ» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Маржона Абулқосимова сингари кемтик қалбларга малҳам бўлмоқда. Камбағаллик рўйхатига олинган М. Абулқосимова ота – онасидан эрта айрилиб, ўз ўйида укаси билан ёлғиз яшарди. Ўтган йили коллежни тамомлаган бу қиз ҳеч қаерда ишламас ва яшаш шароити ҳам ҳаминқадар эди. Уларга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими қошида ташкил этилган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати томонидан бир бош эна бола сигир олиб берилган бўлса, вилоят прокурори ташаббуси билан бир бош қўй, 1 сотих иссиқхона қуриб берилди ва бугунги кунда уй-жойини таъмирлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Эндиликда уларга ўз хонадонида даромад орттириб, турмуш шароитларини янада яхшилаб бориши учун имконият яратилди. Бу эса опа – уканинг келажакка бўлган ишончини янада оширган бўлса ажаб эмас.
Шунингдек, «Фаровон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи камбағаллик рўйхатига олинган фуқаро Холбой Абдурасулов ҳам турмуш ўртоғининг ногиронлиги ва уч нафар вояга етмаган болалари борлиги сабаб қийин аҳволга тушиб қолган эди. Унинг оиласига ҳам «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати томонидан бир бош қорамол, «Жувозхона» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Боймурод Эсонов ва ЁрқулларХидировга бир бошдан қўй ва озиқ-овқат маҳсулотлари олиб берилди ҳамда бугунги кунда уй-жойлари ҳам таъмирланмоқда.
«Тўполос» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи камбағаллик рўйхатига олинган 20 та оилага 100 тадан парранда (жўжа) олиб берилди.
Айни кунларда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими қошида ташкил этилган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатига 260 нафар юридик ва жисмоний шахсдан жами 546 миллион 703 минг сўм маблағ келиб тушган.
Бир қатор фуқаролар нақд пул тарқатиш орқали 121 миллион сўм, озиқ-овқат, дори-дармон, қарздорликни тўлаб бериш, ўз уйида етиштирган ёки тадбиркорлиги доирасида ишлаб чиққан маҳсулотларни аҳолига тарқатиш орқали амалий ёрдамлар бериб келишмоқда.
Бундан ташқари, тумандаги сектор раҳбарлари томонидан хам ҳудудидаги кам таъминланган, ногирон ва бугунги кунда пандемия оқибатида оғир аҳволга тушум қолган оилаларнинг шароитини тиклашда амалий ёрдам бериш мақсадида 100 га яқин оилаларга ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди ва бу давом этиб келмоқда.
Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг