Сайлов қонунчилигидаги ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси кўриб чиқиляпти.
Муҳокамаларда таъкидланганидек, лойиҳа фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мақомини ҳамда сайлов тизимини такомиллаштиришга, сайлов иштирокчиларининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга, шу жумладан, маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўйича сайлов қонунчилигидаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган.
Хусусан, лойиҳа билан ҳар йиллик маҳаллий буджетларда бўшаб қолган депутатлик ўринлари учун сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш тартиби, шунингдек, ушбу жараёнда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари белгиланмоқда.
Депутатлар томонидан қонунчиликка таклиф этилаётган ушбу ўзгаришлар мамлакатимизда вакиллик органлари фаолиятининг самарали ташкил этишга хизмат қилиши, фуқароларнинг ўз вакиллари орқали давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини ҳар томонлама амалга оширишлари учун шарт-шароит яратиши таъкидланди.
Лойиҳа билан таклиф этилаётган яна бир муҳим янгилик бу – янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасидан келиб чиқиб, қонунчиликка муомалага лаёқатсиз шахслар, оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлиги учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайлов ва референдумда иштирок этишга оид ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қўшимча кафолатлар белгиланмоқда.
Депутатлар лойиҳа билан фуқароларнинг сайлов ва референдумда иштирок этишга оид ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўймаслик бўйича ҳуқуқий кафолатлар янада кучайтирилаётганлигини ҳам қайд этдилар.
Мажлисда лойиҳа фуқаролар йиғинлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди. Хусусан, лойиҳада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролар йиғини раисининг мақомига оид айрим қонун ҳужжатларининг нормалари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 127-моддасига мувофиқлаштирилмоқда.
Лойиҳа билан сайлов қонунчилигидаги ўзаро номувофиқликлар ҳам бартараф этилиши назарда тутилмоқда. Хусусан, турли органларга такрорий сайловларни ўтказиш асослари ва тартиби ўзаро мувофиқлаштирилмоқда, ушбу жараёнда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари белгилаб қўйилмоқда.
Муҳокамаларда лойиҳада бўшаб қолган ўринларга ҳамда янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш тартиби билан боғлиқ айрим ҳуқуқий бўшлиқлар ҳам бартараф этилаётганлиги қайд этилди.
Хусусан, депутатлар бундай сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатларини белгилаш Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилиши ҳақидаги нормалар сайловларда қонунийлик ва холисликни таъминлашини таъкидлаб ўтдилар.
Депутатлар лойиҳа сайлов тизимини такомиллаштиришга, сайлов иштирокчиларининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга, фуқаролар йиғинлари фаолиятининг ва референдумда иштирок этишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этдилар.
Мажлисда депутатлар томонидан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси қабул қилиниб, маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига юборилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг