Россияда ичида йўловчилари бўлган автобус дарёга қулаб тушди
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри марказида ичида ўнлаб йўловчилар бўлган автобус Мойка дарёсига қулаб тушди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, полициядагилар автобусда 20 нафар атрофида одам бўлганини айтган.
Маҳаллий «Фонтанка» нашри гувоҳларга таяниб, хабар беришича, автобус дарё соҳили бўйлаб ҳаракатланаётиб аввалига иккита автомобилга бориб урилган. Кейин эса тўсиқни бузиб ўтиб, сувга қулаб тушган.
«Осторожно, новости» нашрига кўра, биринчи бўлиб яқин атрофда бўлган меҳнат муҳожирлари автобус йўловчиларига ёрдам кўрсатишга ошиққан ва бир неча кишини сувга ғарқ бўлаётган автобус ичидан чиқариб олишган.
ТАСС агентлиги оператив хизматлардаги манбасига асосланиб, қурбонлар сони уч нафарни ташкил этаётгани, яна олти киши шифохонага ётқизилганини хабар қилган. «Фонтанка» маълумотларида эса, қурбонлар сони 6 нафар экани айтилган.
Автобус ҳайдовчиси қўлга олинган, ҳолат юзасидан жиноий иш очилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг