Россия ва Хитой Теҳронга сиёсий ва бошқа йўллар билан ёрдам беряпти — Ароқчи
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Россия ва Хитой мамлакатга сиёсий ва бошқа йўллар билан ёрдам кўрсатаётганини маълум қилди. У бу ҳақида «NBC News» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган.
Аббос Ароқчи Хитой ва Россия ушбу можаро фонида Эронга қандай ёрдам бераётгани ҳақидаги саволга жавобан ҳарбий ҳамкорлик каби масалалар яширин эмаслигини таъкидлади.
«Эрон ва Осиё мамлакатлари, шунингдек, Эрон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик сир эмас. Биз аввал ҳам бирга ишлаганмиз ва ҳозир ҳам ҳамкорликни давом эттиряпмиз. Менимча, бу ҳамкорлик келгусида ҳам давом этади», — деган Ароқчи.
Унинг сўзларига кўра, Россия ва Хитой Теҳронга нафақат сиёсий, балки бошқа шаклларда ҳам ёрдам кўрсатмоқда. Бироқ вазир уруш давом этаётган бир пайтда ёрдамнинг аниқ тафсилотларини очиқлашни истамаслигини маълум қилди.
Аввалроқ, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков расмий Теҳрон Москвага ҳарбий ёрдам бўйича мурожаат қилмаганини айтганди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг