Риштонлик ёш кулол ойига минг доллар маош олмоқда
Фото: Халқ сўзи
Фарғона вилояти Риштон туманида ташкил этилган «Мингбоши керамик» кулолчилик кластери ўз маҳсулотларини дунё бўйлаб экспорт қилиш мақсадида маҳоратли ишчи-ходимларга муносиб шарт-шароитни яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Кулолчилик кластерида фаолият юритаётган, туманнинг Деҳқонобод маҳалласида яшовчи истеъдодли ёшлардан бири Таваккал Усмоналиевнинг айтишича, у ойига минг доллар маош олмоқда. «Тўғри, кимлар учундир бу унчалик катта рақам эмасдир, аммо бизнинг шароитда бундай маошга ишлаш кўпчилик учун орзу», дейди у самимият билан.
— Ҳар бир ишга ижодий ёндашиб, кулолчилик маҳсулотларида бетакрор табиат манзаралари, Фарғона водийсининг тарихий-маданий ёдгорликларини акс эттиришга ҳаракат қиламан,-дея давом этади ёш кулол. — Ҳунармандчилик шунчаки қўл меҳнати эмас, бу ишда ижодий фантазия, қомусий билим, меҳр керак. Маош масаласига келсак, албатта, муносиб рағбат ишга бўлган масъулиятни, ғайрат ва иштиёқни янада оширади.
Маълумот ўрнида айтиш ўринлики, бугунги кунда кулолчилик кластерида тайёрланаётган бетакрор маҳсулотлар қўшни давлатлар, шунингдек, Россияга экспорт қилинмоқда. Яқинда вақт ичида корхона маҳсулотларини Туркия, Италия, Буюк Британия бозорларига чиқариш бўйича ҳамкорлик келишувларига эришилган.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг