«Рақамли соғлиқни сақлаш маркази» бемор ташвишини енгиллаштиради

11:22 30 Март 2026 Жамият
267 0

Ромитан туманида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Шокир Ҳафизов саломатлигини текширувдан ўтказиш фикрига келди-ю қўл телефонини чўнтагидан олди. Туман «Рақамли соғлиқни сақлаш маркази» воситасида бир зумда оилавий поликлиника врачи қабулига навбатга ёзилди.

— Илгари УЗИ, қон таҳлили каби текширувлардан ўтиш учун туман марказига боришимизга тўғри келарди, — дейди у. — Эндиликда саломатлигимиз билан боғлиқ барча амалларни маҳалламиздаги оилавий поликлиникада бажариш имкони туғилди. Ҳатто шифокор қабулига ҳам олдиндан ёзиласиз. Вақтингиз тежалади. Оворагарчилик йўқ. Давлатимиз томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш учун яратиб бераётган бу каби қулайликлардан мамнунмиз.

Ҳа, салкам 155 минг аҳоли яшаётган Ромитан туманида «Рақамли соғлиқни сақлаш маркази»нинг очилиши фуқароларни, жумладан, Шокир отага ўхшаган нуроний инсонларни бениҳоя хурсанд қилди. Негаки эндиликда уйда турибоқ шифокор қабулига ёзилиш, ташхис натижаларидан хабардор бўлиш, масофадан туриб тиббий маслаҳат олиш мумкин бўлиб қолди.

Туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Жамшид Тоҳировнинг билдиришича, соҳани рақамлаштириш аҳоли ва шифокорлар учун айни муддао. Ситуацион марказ аҳолидан тушган мурожаатларни қабул қилади, уларни ўрганади. Тезкор қарорлар қабул қилишга имкон беради. У республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги худди шундай марказга интеграция қилинган. Яна бир жиҳати шундаки, илгари тиббиёт ходимлари томонидан 44 тага яқин ҳужжат тўлдириларди. Қоғозбозлик анча вақтни оларди.Эндиликда бунга ҳожат йўқ.

Бевосита марказга келсак, у учун ўтган йилда умумий қиймати 1 миллиард 50 миллион сўм бўлган компьютерлар, планшет, рангли принтер, моноблок каби зарур ускуналар харид қилинди.ИТ – ҳамшираларининг самарали ишлашлари учун шарт – шароитлар яратилди.

Эътиборлиси, туман тиббиёт бирлашмасида беморларнинг яқинлари учун инновацион кутиш зали ҳам барпо этилди. Унда шифокор ва беморлар билан онлайн тарзда мулоқотга киришиб, даволанувчининг аҳволи ҳақида керакли маълумотларни олиш мумкин.

Мазкур юмушлар давлат раҳбарининг 2021 йилнинг 5 ҳамда 25 майида қабул қилинган соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, соҳани комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора – тадбирлар тўғрисидаги Фармони ва қарорига мувофиқ амалга оширилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер