Рақамли иқтисодиётни хоҳлар эканмиз, энергия ресурсларига муносабатни ўзгартиришимиз зарур

10:58 17 Январь 2021 Иқтисодиёт
1310 0

ХХI асрда яшаётган инсон қулоғига «Саноат 4.0 инқилоби», «булутли ҳисоблаш», «блокчейн», 3D-принтерлар, роботлаштириш, «буюмлар интернети», «саноат интернети» каби атамалар тез-тез чалиниб туриши табиий ҳол, албатта. Бундай янги атама ва тенденциялар қаторини янада кенгайтириш мумкин.

Яна бир қувонарли жиҳат — «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг қабул қилинганлигидир. Мазкур стратегия мамлакатимизда рақамли иқтисодиёт учун барча зарурий шарт-шароитларни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни қамраб олади. Хусусан, рақамли иқтисодиёт учун зарурий инфратузилма яратиш, малакали кадрлар тайёрлашга етарлича эътибор мавжуд. Бироқ рақамли иқтисодиёт ўз навбатида сезиларли даражада юқори энергияни талаб этади.

Сўнгги пайтларда республикамиз энергия таъминотидаги муаммолар ижтимоий тармоқларда кескин мунозараларга сабаб бўлиб, пировардида аҳолининг норозилик кайфияти намоён бўлмоқда. Автомобиль йўлларини тўсиб қўйиш, кўчаларда машина шиналарини ёқиб юбориш каби ҳолатлар ҳам қиш мавсумида аҳоли кайфиятининг қай даражада эканлигини кўрсатиб турибди.

Бу эса мамлакатимиз энергетика сектори ва умуман энергетика таъминоти борасидаги муаммолар ўта жиддий эканлигидан далолат беради. Ҳудудларни барқарор ривожлантиришни кўзлар эканмиз, энергия таъминоти тизимидаги муаммоларни бартараф этмасдан туриб, хорижий инвестицияларни жалб қилишни ўйламасак ҳам бўлади. Зеро, хорижий инвестор энергия таъминоти барқарор бўлмаган ҳудудда хорижий капитал иштирокидаги корхона ташкил қилишни ҳаёлига ҳам келтирмаслиги муқаррар.

Маълумки, Ўзбекистон бирламчи энергия таклифи бўйича Евроосиё минтақасида муҳим позициясини эгаллайди. Масалан, 2018 йил якунида Евроосиё минтақаси умумий бирламчи энергия таклифида (total primary energy supply) Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг улуши, мос равишда, 81 %, 8 % ва 5 %ни ташкил этган. Айни пайтда, Ўзбекистон бирламчи энергия таклифининг қарийб 85 %и табиий газ ҳиссасига тўғри келади. Таққослаш учун: Туркманистоннинг бирламчи энергия таклифида табиий газ улуши 77,2 %ни ташкил этган.

Айни пайтда энергия сарфи ва ундан самарали фойдаланиш бўйича ҳолатни танқидий баҳолаш муҳим. Ўзбекистон харид қуввати паритети бўйича ҳисобланган ЯИМнинг бир бирлигига нисбатан энергиядан фойдаланиш интенсивлиги бўйича рейтингда энергиядан меъёрдан ортиқ фойдаланувчиларнинг дастлабки 10 талигига (9-ўрин) киради. Мазкур ўнталикда Украина, Россия, Қозоғистон каби мамлакатларнинг ҳам мавжудлиги энергия самарадорлигини ошириш муаммоси МДҲ минтақасига ҳам тегишли эканлигидан далолат беради.

Хулоса қилганда, рақамли иқтисодиёт, хусусан,блокчейн технологияларини фаол жорий этиш иқтисодий тараққиётнинг энергия ресурсларига боғлиқлигини янада оширади. Рақамли иқтисодиёт тараққиётга эришишнинг энг муҳим омили ва гарови экан, энергиядан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, энергияга нисбатан ошиб бораётган талабни қондиришга қаратилган инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш давр тақозосига айланади. Шу боисдан, рақамли иқтисодиётни шакллантириш бўйича бошланган рақобат ва янги чақириқларга зарур ресурсларни сафарбар этиш орқали ўз вақтида жавоб беришимиз, пировардида эса жаҳон майдонидаги ўрнимизни мустаҳкамлашимиз зарур.

Элмурод Ҳошимов,
иқтисод фанлари номзоди, доцент

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер