Қувасойда янги ва замонавий кўприк фойдаланишга топширилди
Фото: “Халқ сўзи”
Фарғона вилоятининг саноатчилар шаҳри — Қувасойнинг “Ҳувайдо” МФЙ ҳудудида жойлашган кўприк эски ва таъмирталаб аҳволда эканлиги боис ушбу ҳолат ҳудуд аҳолисининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 декабрдаги “2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мазкур объектда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ўтган қисқа фурсат мобайнида “Қувасой–Полмон” автомобиль йўлида жойлашган кўприк замонавий мезонлар асосида таъмирланди ва фойдаланишга топширилди.
— Лойиҳага кўра 2,4 млрд. сўм маблағ ҳисобига узунлиги 18 метр, эни 15 метр бўлган кўприкнинг ҳар икки томонида пиёдалар учун йўлаклар барпо этилди, — дейди Қувасой шаҳар ҳокими ўринбосари Шуҳрат Турсунбов. — Маълумотларга қараганда, ушбу кўприк ўтган асрнинг 60 йиллари охирларида қурилган бўлиб, бугунги давр талабига жавоб бермай қолганди. Шу тариқа кўприкда автомашина ва пиёдаларга сифатли хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда дуога қўл очилиб, юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлидаги эзгу ишлар бардавом бўлиши учун ният қилинди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг