Қувасой шаҳрида йилнинг тўрт фаслида ҳам қулупнай етиштирилади

18:06 27 Октябр 2023 Жамият
452 0

Фото: “Халқ сўзи”

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳри аҳли боғдорчилик, деҳқончилик соҳасидаги миришкорлиги билан танилган. Қувасой боғларида шарбатга тўлиб пишадиган гилос, шафтоли, ўрик, беҳи нафақат ички бозорда харидоргир, шу билан бирга узоқ-яқин хориж давлатларига ҳам экспорт қилинади.

Ўз навбатида қувасойлик миришкорлар турли сабзавотлар етиштириш, замонавий иссиқхоналарда помидор – бодринг, қулупнай, кўкатлар парваришлаш ва мўмай даромадга эга бўлиш борасида ҳам катта тажрибага эга.

Шаҳарнинг “Оқтош” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Рўзибой Мамажонов қулупнай етиштириш бўйича қувонарли ютуқларга эришиб, йилнинг тўрт фаслида ҳам сифатли ҳосил олиб келмоқда.

У оила аъзолари билан биргаликда “Абдужалилов Абдупатто ёруғлиги” фермер хўжалигига қарашли мевазор боғдан 1 гектар ерни ижарага олиб, боғ қатор орасида яхши ҳосил етиштиряпти.

— Интернет тармоғи орқали Италия технологияси асосида тошлоқ ерда плёнка остида қулупнай етиштиришни ўрганиб, йил давомида ҳосил олишга эришяпмиз,—дейди у. —Бу навлар мавсум танламас бўлиб, унинг кўчатидан 4–5 йилгача ҳосил олиш мумкин.

Айни пайтда хонадон эгалари “Қора шаҳзода”, “Фриго”, “Элиде”, “Альбинос”, “Марисол” каби ўндан зиёд навларни томчилатиб суғориш технологияси асосида парваришлаб, йилнинг тўрт фаслида ҳам даромад эгу бўлишяпти. Ҳозирда “Чарли” навли қулупнай пишган ва ҳар куни ўртача 50–80 кг ҳосил йиғиштириб олиниб, килосини 100–120 минг сўмдан савдо дўконларига етказиб беришяпти. Шу тариқа бир сотих ердан йилига 50 миллион сўмгача даромад олишмоқда.

Оила аъзолари қўшимча бир гектар ер олиб, қулупнай етиштиришни янада ривожлантиришни мақсад қилишган.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер