Қува ва Риштон туманида маҳалла ёшлари учун замонавий спорт мажмуалари фойдаланишга топширилди

14:57 17 Апрель 2026 Жамият
181 0

Қува туманидаги «Тинчлик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида қуриб битказилган замонавий сузиш ҳавзаси сузиш спорти ишқибозлари учун ўз қучоғини очди.

Тадбиркор Аброржон Тоштемиров ташаббуси билан амалга оширилган ушбу лойиҳа доирасида маҳалла аҳли, хусусан, ёшлар учун жаҳон андозалари даражасида қулай шароит яратилди. Янги лойиҳа ҳудудда спорт инфратузилмасини янада яхшилаш, янги авлодни сузиш спортига кенг жалб этиш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга.

Шу тариқа 800 миллион сўмлик лойиҳа доирасида спортчилар учун замонавий шарт-шароитлар яратиш билан бирга, 10 га яқин янги иш ўринлари ташкил этилди ҳамда спорт хизматлари кўрсатиш имконияти кенгайди.

— Биргина жорий йилнинг ўзида бир неча шаҳар-туманларда ана шу каби муҳташам иншоотлар ишга туширилиши режалаштирилган, — дейди Фарғона вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Нодирбек Ҳакимов. — Бу борадаги изчил саъй-ҳаракатлар доирасида куни кеча Риштон туманида жаҳон андозалари бўйича фаолият олиб борувчи яна бир спорт мажмуаси иш бошлади.

Эзгу мақсад ижобати учун республика бюджети ҳисобидан 6,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Эндиликда бу ерда риштонлик ўғил-қизлар футбол, волейбол, баскетбол каби оммавий спорт турлари билан мунтазам шуғулланиш имконига эга бўлдилар.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирларда рамзий тасма қирқилиб, мамлакатимизда ўзига хос «кичик Олимпиада» сифатида эътироф этилувчи «Беш ташаббус олимпиадаси»да фаол иштирок этиб келаётган маҳалла фаолларига Фарғона вилояти ҳокимлигининг ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер