Қува туманида кўклам нафаси сезилмоқда

18:28 15 Февраль 2024 Жамият
282 0

Адирларда ялпиз, бинафша, чучмомалар борлиққа ўз ифорини таратиб, юртга кўклам нафасини олиб келади. Музаффар ҳаёт тантанаси нафақат табиатга, балки инсон қалбига ҳам янгиланиш, яшариш кайфиятини бахш этади.

Она замин зебо келинчакдек ороланар экан, қадрдон қалдирғочлар вижир-вижири қувалик миришкорларни бепоён боғлар, далаларга чорлайди. Қуванинг тўрт тарафида меҳнат симфонияси янграйди. Маҳаллалар, аҳоли хонадонларида эзгу ният билан кўклам юмушларига киришилади. Бундай фараҳбахш кунлар яқин...

Айни пайтда Қува туманида 65 та МФЙнинг 30 таси кўчатчиликка ихтисослашган бўлиб, 46 мингдан зиёд аҳоли хонадонида салкам 3 минг гектар томорқа ери мавжуд. Ҳисоб-китобларга қараганда, бугунги кунда туманда баҳорги мавсумда экиш ва сотиш учун 75 миллион донадан кўпроқ мевали ва манзарали ҳамда атиргул кўчатлари захираси яратилди.

Қува туманининг “Янгичек” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Элмурод Каримов 35 йилдан буён кўчатчилик билан шуғулланади.

Гулчилик ва қулупнай етиштириш оиланинг яна бир қўшимча даромад манбаи ҳисобланади. Элмурод болалигидан отасининг ёнида юриб, кўчатчиликни қунт билан ўрганди. Бугунги кунда 3 нафар укасини ёнига олиб, бир мавсумда ўртача 70-80 минг туп 20 навдаги мевали дарахтлар кўчатларини бозорга чиқаришади.

— Кейинги йилларда ҳаётий тажрибани илм-фан ютуқлари, инновация ғоялари билан ўзаро уйғун ҳолда ривожлантириб, хориждан келтирилган ўрик, шафтоли, гилос навларини маҳаллий иқлим шароитига мослаштиришга муваффақ бўлдик, — дейди тажрибали боғбон. — Шунингдек, олма, беҳи, нок, олхўри каби мевали дарахт кўчатларини маданийлаштириш, пайвандтаг усулида кўпайтириш бўйича ҳам катта тажрибамиз бор. Шу боис буюртма асосида республика бўйлаб қуруқ, зах, қир-адир, тоғ олди ҳудудларида экиб кўпайтириладиган кўчатларни етказиб берамиз.

Яқинда оила аъзолари ўзаро маслаҳатлашган ҳолда аукцион савдоси орқали 75 сотих унумдор ер майдонига эга бўлишди. Эндиликда мазкур майдонда кўчат етиштириш билан бирга, гулчиликни ривожлантириш, қулупнай етиштиришни мақсад қилишмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер