Қурилиш нормалари бугунги талабга жавоб берадими?

15:30 23 Июль 2020 Сиёсат
1163 0

Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламент назоратини самарали амалга ошириш, айниқса, жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган масалаларни мутасадди раҳбарлар олдига қўйишда «Ҳукумат соати» институтидан кенг фойдаланиб келинмоқда.

Депутатларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволи юзасидан олиб борган ўрганишлари ҳамда фуқаролардан тушаётган мурожаатлардан келиб чиқиб, сиёсий партияларнинг қуйи палатадаги фракциялари таклифларига кўра, «Ҳукумат соати»га киритилган саволларга вазирлар, давлат қўмиталари раҳбарлари жавоб бериб келмоқдалар.

2020 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ташаббуси билан видеоконференсалоқа шаклида ўтказилган навбатдаги «Ҳукумат соати»да «Амалдаги қурилиш нормаларини қайта кўриб чиққан ҳолда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, объектларни лойиҳалаш, қуриш, экспертизадан ўтказиш бўйича халқаро стандартлар ва илғор амалиётни жорий этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан халқ вакиллари саволларига Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири жавоб берди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон улкан қурилиш майдонига айланди. Ижтимоий-иқтисодий объектлар қаторида аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида кўплаб тураржойлар барпо этилмоқда. Бу жараёнда, албатта, биноларни лойиҳалаш, уларнинг хавфсизлиги масалалари ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб турибди.

Бугунги кунда мамлакатимизда қурилиш соҳасига доир 337 та қурилиш меъёрлари амал қилиб келмоқда. Ушбу меъёрлар ҳар беш йилда бир марта қайта кўриб чиқилиши ва такомиллаштирилиши лозим. Бунинг учун йилига 60-70 та қурилиш меъёрларини қайта кўриб чиқиш талаб этилади. Аммо кейинги 20 йил бўйича олиб борилган таҳлиллар мазкур нормативларни янгилаш ўртача кўрсаткичи 10 фоизга ҳам таъминланмаганини кўрсатди. Ривожланган давлатларда эса, мазкур амалиёт 3 йилда бир марта ўтказилади.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги замонавий қурилиш лойиҳаларнинг амалга оширилишида баланд бинолар қурилиши билан боғлиқ юзага келган муаммолар миллий нормаларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштиришга эҳтиёж борлигини кўрсатди.

Мазкур масалага давлат даражасида эътибор қаратилиб, 2020 йил 13 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг қурилиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилингани қурилиш соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш билан бир қаторда, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида техник жиҳатидан тартибга солишга доир миллий норматив ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, тизимда бюрократик тўсиқларни камайтириш, инновацион ғоялар, ишланмалар ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, қурилишнинг барча босқичларида шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

«Ҳукумат соати»да бу борада эришилаётган натижалар билан бир қаторда, соҳадаги айрим камчиликлар, мавжуд муаммо ва ечилиши лозим бўлган масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, депутатлар қурилиш соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, тармоққа етук профессионал кадрларни жалб этиш борасидаги ишлар аҳволи билан қизиқдилар. Шунингдек, халқ вакиллари буюртмачи, лойиҳачи, пудратчи ташкилотларнинг қурилиш сифати ва жараёнини назорат қилувчи идоралар фаолиятини такомиллаштириш, қурилиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар юзасидан бир қатор саволлар билан мурожаат қилдилар.

Қурилиш вазири ушбу саволларга жавоб берар экан, бугунги кунда қурилиш соҳасининг аксарият мутахассисларида нормативлар бўйича етарли билим ва малака етишмаслиги ҳам муаммоларни келтириб чиқараётганини қайд этди. Халқаро стандарт ва илғор амалиётни жорий этишга ихтисослашган кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида архитектура ва қурилиш йўналишидаги магистрантлар, докторантларнинг диссертация мавзуларини меъёрий ҳужжатлар яратишда муаммо бўлаётган илмий йўналишлар бўйича шакллантириш, қурилиш вазирлиги тасарруфидаги малака ошириш марказларининг ўқув дастурларига халқаро стандартлар бўйича тегишли ўзгартиришлар киритиш режалаштирилганини таъкидлаб ўтди.

Депутатлар томонидан кўтарилган масалаларни бартараф этиш юзасидан Қурилиш вазирлигининг аниқ ёндашуви ҳамда истиқболдаги режалари муфассал баён этилди.

Жонли баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг депутатлар томонидан тадбирда кўтарилган масалалар бўйича вазирликнинг фаолиятини бугунги кун мезонларидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштиришга, мамлакатнинг қурилиш соҳасидаги салоҳиятини оширишга қаратилган қатор фикр-мулоҳаза ҳамда амалий таклифлар билдирилди.

Тадбир якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарига соҳага оид амалдаги қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш тавсия этилди. Шу билан бирга, мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер