Қуриб бораётган дарахтлар учун ким жавоб беради?

15:52 06 Октябр 2023 Жамият
402 0

Фото: Халқ сўзи

Жорий йилги кузги мавсум давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Самарқанд вилояти ҳудудида 9 миллион 942 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши режалаштирилган. 16 та туман ва шаҳар ҳудудларида қарийб 15 гектарлик “Ҳокимлик боғлари”, 12 та туман ва шаҳарларда “Яшил жамоат парклари”, 7 та туман ва шаҳар ҳудудида “Яшил боғлар” ҳамда экология вазирлиги ташаббуси билан “Экология боғи” ташкил қилиниши режалаштирилган.

Масалан, вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар ва уларга туташ бўлган ҳудудлардаги 93 гектар майдонда 16 753 дона қайрағоч, япон сафораси ва айлант каби дарахт кўчатлари экилиб, “Яшил белбоғ” ташкил этилади.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳозирги кунда биргина Самарқанд шаҳар ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўли ёқасидаги “Байтиқўрғон Усмонова Наргиза” фермер хўжалиги томонидан 20 мингдан зиёд манзарали бута ва 153 туп манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Бу борада амалга оширилаётган ишлар қанчалик яхши бўлишига қарамай ҳар йил экилаётган янги ниҳолларнинг қуриб қолаётганлигига тез-тез гувоҳ бўламиз. Хўш, бунинг сабаби нимада?

Мутахассислар экилаётган дарахт кўчатларининг камида 1 фоизи қуришини табиий ҳол деб айтишади. Аммо, қуриётган кўчатлар жами экилганларининг 1 фоизидан анча кўп эканлиги барчага аён. Чунки бундай ҳолатга ҳар қадамда дуч келасиз.

Биргина мисол. Самарқанд-Қарши йўналишида ҳаракатланган бўлсангиз, Нуробод тумани ҳудудидан ўтувчи катта йўл бўйида иҳота учун экилган манзаралар дарахтларнинг минг тупдан ортиғи сувсизлик туфайли қуриб қолганлигига гувоҳ бўласиз. Сабабини сўрасангиз мутасаддиларда баҳона ҳар доим тайёр.

Баъзида битта дарахт ёки ниҳол учун бонг урамиз, айбдорларни жазолашга даъват этамиз. Хўш, бу ерда қуриб бораётган дарахтлар учун ким жавоб беради?

Абдулазиз Йўлдошев, Халқ сўзи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер