Қуйи палата депутатлари – сайловчилари ҳузурида

11:50 06 Январь 2023 Жамият
956 0

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси OʼzLiDeP фракцияси депутатлари Наврўз Ризаев ва Ғайрат Абдиевнинг Ургут туманида сайловчилар билан учрашувлари қизғин мулоқотлар ва сайловчиларнинг фаоллиги остида ўтмоқда.

Туман ҳокимлиги, маҳаллалар фаоллари ва ўқитувчилар билан бўлиб ўтган учрашувда депутатлар дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти, унда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар ҳақида сўз юритдилар.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 декабрда қабул қилинган «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг аҳамияти, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида эришилган ижобий натижалар, таълим ва илм-фан соҳасида қўлга киритилаётган ютуқларга алоҳида урғу берилди. Мулоқотларда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасида акс этган янги нормалар ҳам эътибордан четда қолмади.

Мазкур учрашувлар давомида тумандаги қатор маҳаллалар ва аҳоли хонадонларида бўлган халқ вакиллари одамларнинг яшаш шароити, уларни қийнаётган муаммолар билан қизиқди. Келтирилган муаммолар юзасидан тегишли ташкилотлар билан биргаликда ечим изланди.

Жумладан, «Деҳқонобод» МФЙ ҳудудидаги 37-умумтаълим мактабида бинони иситиш билан боғлиқ масала ўрганилди. Мазкур муаммо туман халқ таълими бўлими томонидан ҳал этиладиган бўлди.

«Терсак» МФЙ фуқароларининг трансформатордаги носозлик билан боғлиқ мурожаати ҳам депутат Н. Ризаев томонидан мутахассислар билан биргаликда жойига чиқиб ўрганилди. Трансформатордаги носозлик туман электр тармоқлари ходимлари томонидан шу пайтнинг ўзида бартараф этилди. «Хўжайдуқ» МФЙда ҳам трансформатор етишмаслиги билан боғлиқ муаммо бўйича «Ҳудудий электр тармоқлари» вилоят бошқармасига депутат сўрови юборилди.

Сайловчилар билан мулоқот Ургутнинг энг чекка, тоғли ҳудудлари бўлган Қўзичи, Еттисой, Узунсой ва Айриқия маҳаллаларида давом этди. Одамлар йўл, кўприк, ичимлик суви, суюлтирилган газни ўз вақтида етказиш билан боғлиқ зарур ижтимоий масалаларни ўртага ташлашди. Тоғ ва экотуризмни ривожлантириш учун жуда қулай бўлган мазкур ҳудудда бу йўналишдаги ишларни жадаллаштириш, йўлсозликдаги муаммоларга маҳаллий ижро ҳокимияти алоҳида эътибор қаратиши мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.

Қуйи палата депутатларининг жойларда сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер