Қўшработ қирликларида халқ сайли

17:33 17 Март 2023 Жамият
956 0

Фото: Халқ сўзи

Шу кунларда яратиш ва яшнатиш руҳи билан яшаётган юртдошларимиз миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ўзига хос ифодаси бўлган Наврўзи оламга ўзгача кайфият билан пешвоз чиқиб, байрамни муносиб қарши олишмоқда.

Қўшработликлар умрбокий байрамимизни бу йил Бозоржой маҳалласи ҳудудидаги Қирқовул қишлоғи қир-адирлари бағрида «Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида халқ сайли сифатида кенг нишонлашди.

Табиат қўйнида эрта тонгдан бошланган байрам сайлига нафақат Қўшработ, балки қўшни туманлардан ҳам юзлаб фуқаролар ташриф буюрди. Адир бағри баҳорни соғинган, кўнгиллари эзгуликка, яхшиликка эш бўлган кишилар билан тўлиб-тошди.


Тадбирда сўз олганлар барчани баҳор айёми билан табриклаб, Наврўз фалсафаси, унинг бугунги кундаги аҳамияти ва моҳияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Қўшработ туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик, яратувчанлик ишларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Янгидан қурилиб фойдаланишга топширилаётган ижтимоий соҳа объектлари қишлоқлар кўркига-кўрк қўшаётганини, ишга туширилаётган саноат корхоналари эса аҳоли бандлигини таъминлаш, туман иқтисодиётини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Эътиборлиси, ўзининг ўлмас қадриятлари билан асрлар оша эзгуликка, яхшиликка хизмат қилиб келаётган Наврўз умумхалқ байрами шу куни меҳр-мурувват, саховат айёми сифатида ҳам яна бир бор бўй кўрсатди. Туман хокимлиги ва хомийлар ташаббуси билан кам таъминланган оилалар фарзандларидан 20 нафарининг суннат туйлари ўтказилиб, ҳар бирига алоҳида совғалар улашилди.

Қир қўйнида ташкил этилган халқ амалий санъати ва бадиий ҳунармандчилик кўргазмалари, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва маҳаллалар томонидан тайёрланиб, дастурхонга тортиқ этилган баҳорнинг тансиқ таомлари барчага бирдек манзур бўлди.

Миллий кураш бўйича ўтказилган мусобақа ва улоқ-кўпкари Наврўзи олам тантаналарининг шукуҳини янада оширди. Кураги ерга тегмаган полвонларнинг гиламдаги ўзига хос кураш усулини, маҳоратини ҳамда от устида улоқ эмас, балки ор талашаётган чавондозларнинг шижоатини кексаю ёш мароқ билан томоша қилишди.

— Бунақа шиддатли кўпкарига жуда камдан-кам гувоҳ бўлганман, — дейди қўшработлик Тилов бобо Омонов. — Бундан ҳамма завқ оляпти. Мана, ҳаво ҳам роҳатижон, ҳамма қирда, халқимиз томошаларни кўриб, яхши кайфиятда байрам қилишяпти. Ниятимиз шуки, Наврўз юртимизга қут-барака олиб келсин.

Байрам тадбирида турли номинациялар бўйича эълон қилинган танловлар ғолиблари аниқланиб, улар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Ёш истеъдод ғунчалари, фольклор дасталари, бадиий хаваскорлик жамоалари ва элимизнинг севимли хонандалари томонидан баҳорни, тинчликни, Ватанни улуғлаб ижро этилган куй-қўшиқлар эса байрам иштирокчиларига бир олам қувонч улашди.

Самарқанд вилоятининг барча шаҳар ва туманларида Наврўз халқ сайли сифатида кенг нишонланяпти.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер