Қўрғонтепа —  янги ўзгаришлар остонасида

14:04 04 Июль 2022 Жамият
855 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани ҳам бугун том маънода бунёдкорлик майдонига айланган. Туманнинг қай бир манзилига борманг, авж паллага кирган қурилиш ишлари устидан чиқасиз. Чанг ва лой кўчалар кенгайиб, бетон қоплама билан соз ҳолга келтирилаётган бўлса, эски, кўримсиз бино-иншоотлар ўрнида янгилари, замонавийлари қад ростламоқда.

Қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегара ҳудудда жойлашган “Янги ҳаёт” маҳалласида шу пайтга қадар номига номутаносиб бўлган, собиқ Иттифоқ давридан қолган манзаралар эндиликда тобора тумандай тарқаб боряпти. Бу ердаги мавжуд кўп қаватли уйлар шунчаки таъмирланиб қолмай, уларда аҳоли эҳтиёжи учун муҳим саналган шароитлар қайта тикланяпти. Жумладан, тоза ичимлик ва оқова сув, электр энергияси ҳамда табиий газ тизимлари буткул янгиланяпти. Аҳолининг дам олиши ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида қулай шароитлар яратилмоқда. Эни 12 метр, узунлиги 1 километрдан иборат ички йўл таъмирланиб, пиёдалар учун йўлакчалар барпо этиляпти. Гулзорлар ташкил этишда эса суғориш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Маҳалламизнинг номи “Янги ҳаёт” бўлгани билан узоқ йиллар эскича турмуш кечирдик, — дейди шу маҳаллада яшовчи Акбаржон Эралиев. — Ҳудуд кўп қаватли уйлардан иборат бўлгани боис кўпчилик бирлашиб ўзимиз учун ўзимиз шароит яратишга ҳаракат қилиб келдик. Бироқ бу мавжуд муаммоларни ижобий хал қилишда ёрдам бермади. 2021 йилда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов маҳалламизда бўлиб, биз билан юзма-юз суҳбатлашди. Шу кундан бошлаб ободонлаштириш ва қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди. Қисқа вақтда ҳаётимизда катта ўзгаришлар юз берди.

Қўрғонтепа туманида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қатор истиқболли лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилаётгани эса бандлик даражасини ошириб, камбағалликни қисқартиришда ҳал қилувчи ўрин тутмоқда. Чунончи, тумандаги “Кhantex Oil” замонавий ёғ-экстракция заводида амалга оширилаётган 22 млн. долларлик лойиҳа янги иш ўринлари яратиш билан бирга ички бозорнинг хавфсиз озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминланишига ҳам сабаб бўлади. Бу ерда лойиҳа фойдаланишга топширилгач, чигит, кунгабоқар ва соя ёғи ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Италия, Болгария, Туркия ва Россиянинг энг сўнгги русумдаги технологиялари билан жиҳозланадиган корхонада бир йилда 72 минг тонна ёғ ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда. Бу эса 500 минг нафар қурғонтепаликларни доимий иш жойи билан таъминлаш имконини беради.

Қўрғонтепа туманида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, кам таъминланган оилаларни даромадга йўналтириш, қўшимча маблағ ишлаб топишлари учун кўмаклашиш борасида ҳам ибратли ишларга қўл урилмоқда. 3300 нафар аҳоли истиқомат қиладиган “Учқун” маҳалласида тажриба асосида барпо этилган 2 километр узунликдаги кўча сўритоклари ана шу мақсадга йўналтирилган.

— Маҳалламизда ҳар бир хонадонда узум парваришланади,— дейди учқунлик Солияхон Худойназарова. — Ўзимиздан ортганини бозорга олиб чиқамиз. Ўтган йили ўзим 2 миллион сўмлик ҳосил сотдим. Бу йил туман ҳокимлиги ташаббуси билан кўчамизнинг икки четига сўритоклар ўрнатилди. Ҳисоб-қилиб кўрсак, бунинг натижасида қўшимча даромад топиш имкони яратилибди. Қолаверса, томорқадан ҳам яхшигина фойда кўрса бўлади.

Туманда, шунингдек, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, таълим соҳасини ривожлантириш, маданий ва маърифий ишларни жонлантириш борасидаги амалиётлар ҳам ибратга лойиқ. Буниси энди алоҳида мавзу!

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер