Қорақалпоғистонда турли миллат вакилларидан иборат оилалар сафи кенгайиб бормоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Қорақалпоғистон Республикасида 2 миллион аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, улар орасида 80 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бор. Барча миллат вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ бир оила фарзандларидек, умргузаронлик қилаётир.
Юртимизда “Ўзбекистон-умумий уйимиз”, “Ўзбекистон — бағрикенг ўлка” каби шиорлар остида кўплаб маъданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Айниқса, Президентимиз томонидан мамлакатимиз ҳудудларида барча миллат ва элат вакилларига яратиб берилаётган имкониятлар билан бирга Қорақалпоғистоннинг ҳар бир ҳудудини обод қилишга, қорақалпоқ халқининг эртанги куни янада фаровон бўлиши йўлида қилинаётган бунёдкорлик ишларини алоҳида эътироф этгим келади. Бунга барча ҳудуд ва соҳалардан мисол келтириш мумкин. Масалан, ҳозирги кунда Қорақалпоғистоннинг деярли барча туманларида “Нуронийлар маскани” барпо этилди.
Кейинги йилларда маҳалла ва нуронийлар билан ишлаш баробарида жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш, миллий ва умуминсоний қадриятларини асраб-авайлаш мақсадида маҳаллаларда “Кексалар маслаҳати”, “Нуронийлар жамоатчилик кенгаши”, “Ота-оналар университети”, “Аёллар маслаҳат кенгаши” каби гуруҳларни ташкил этиш ва уларнинг самарали ишлашига бош-қош бўлиб келяпман.
“Ҳар бир нуроний — ўн нафар ёшга мураббий” тамойили асосида маҳаллалардан 10 нафардан тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож уюшмаган ишсиз ёшларни бир нафар нуронийга бириктирдик.
Куни кеча Беруний туманида 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан “Бир нуроний ўн ёшга масъул” танловининг туман босқичи якунига бағишланган тадбир ўтказилди. Нуронийларимизнинг ёшлар тарбиясига масъуллигини оширишга қаратилган мазкур тадбирда фаол иштирок қилаётган кексаларни рағбатлантириб бормоқдамиз.
Меҳнат билан бирга ижод ҳам қилиб келаман. 1984 йил
“Турмуш ташвишлари” номли илк тўпламим китоб шаклида нашр қилинган бўлса, 2015 йили “Сайланма”, 2022 йили “Бир келиб кетгил” номли шеърий китобим чоп қилинди.
Салкам ярим асрлик меҳнат фаолиятимдаги тажрибамдан келиб чиқиб, бугунги кунда ёшларимизга миллатлар ўртасидаги дўстлик, биродорлик ҳақидаги ўгитларимизни бериб келмоқдаман. Ўтган йиллардаги меҳнатларимиз самарасини ҳукуматимиз томонидан берилган рағбатларда кўраман. Бир неча маротаба Қорақалпоғистан Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши томонидан “Фахрий ёрлиқ”, 1990 йил “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” шарафли унвони берилди. Шунингдек, бир неча кўкрак нишонлари билан тақдирланган бўлсам, 2021 йили Мустақиллик байрами арафасида “Дўстлик” ордени билан мукофотландим.
Дарвоқеа, Қорақалпоғистонда бир оилада бир неча миллат вакиллари яшайдиган хонадонлар жуда кўп. Масалан, менинг ўзим қорақалпоқ бўлсам, битта келиним қозоқ миллатига мансуб, қизларим ҳам қозоқ ва бошқа миллат вакилларига турмушга чиққан. Хуллас, бизнинг оиламиз каби қорақалпоқ, ўзбек, туркман, қозоқ, рус ва бошқа миллат вакилларидан иборат халқлар дўстлиги оилалари Қорақалпоғистонда кўпчиликни ташкил этади.
Ўзбек, қорақалпоқ — эт билан тирноқ, деган жуда чиройли қиёсда ҳаёт ҳақиқати мужассам. Бу икки қон-қардош халқнинг ўзаро яқинлиги тарихдан маълум. Шу боис диёримизда кўп йиллик тажрибам ва билимларимдан келиб чиқиб, қорақалпоқ ва ўзбек халқининг дўст-биродарлиги, ҳамжиҳатликда яшаб келаётгани ҳамиша икки халқ томонидан фахр билан эътироф этилади.
Турсынбай АБДИЖАББАРОВ,
“Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси, “Дўстлик” ордени соҳиби.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг