Қорадарё устида 330 метрлик кўприк қурилмоқда

19:23 25 Июнь 2024 Жамият
265 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳрини янги қурилаётган Ширин шаҳарчаси билан боғлайдиган Қорадарё устидаги кўприк қурилиши давом этмоқда. Жами узунлиги 330 метрни ташкил этувчи мазкур объектда айни вақтда ўнлаб махсус техникаларда иш олиб борилмоқда.

— Ҳозиргача 298 та бетон устунлар 35 метр чуқурликда ўрнатиб бўлинди, — дейди қурилиш ишларини олиб борувчи «1-Мостотряд» МЧЖ участка бошлиғи Юсуф Мамараҳимов. — Дарёнинг ўнг қирғоғида тупроқ ташиш, бурғилаш ва бетон қуйиш ишлари олиб борилмоқда. 120 нафар қурувчи-муҳандис ва ишчилар меҳнат қилаётган кўприк қурилиши 2022 йилда бошланган бўлиб, ҳозиргача 25 фоиз ишлар бажарилди.

Мазкур улкан иншоот дарёдан 13,5 метр, М-39 автомобиль йўлининг устидан 12 метр баландликдан ўтиб, Самарқанд халқаро аэропортига олиб борувчи йўлга қўшилади.

— Лойиҳа қиймати 260 миллиард сўмни ташкил этувчи ушбу кўприкда 4 та асосий йўллар қурилади, — дейди «Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» Давлат муассасаси директори ўринбосари Акбар Мирзаев. — 2026 йил якунигача фойдаланиши кўзда тутилган кўприкнинг қурилиш ишларига ҳозиргача қарийб 35 миллиард сўм сарфланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер