Қўқон ёшлари ташаббуси билан “Ёш волонтёрлар” гуруҳи ташкил этилди

15:22 10 Март 2026 Жамият
615 0

Қўқон шаҳрида янги авлод вакиллари ташаббуси билан “Ёш волонтёрлар” гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди.

Гуруҳ аъзолари “Биз ободлик ва тозалик тарафдоримиз” шиори остида ободонлаштириш ҳамда тозалаш ишларида фаол иштирок этмоқдалар. Дастлабки ташаббус доирасида волонтёр ёшлар томонидан Қўқон шаҳрининг Чорбоғ ҳамда Тошҳовуз кўчаларида тозалаш ишлари олиб борилди. Шу тариқа ҳудудларда чиқиндилар йиғиштирилиб, атроф-муҳитни ободонлаштириш чоралари кўрилди.

—“Ёш волонтёрлар” гуруҳи томонидан ҳар ҳафтада бир кун ободонлаштириш тадбирларини ўтказиш режалаштирилган,—дейди гуруҳ раҳбари, Қўқон шаҳридаги 2-сон техникуми ўқитувчиси Сарваржон Бурхонов.—Бу ташаббус ёшлар ўртасида экологик маданиятни юксалтириш, шаҳар ҳудудини янада озода сақлашга хизмат қилиши мақсад қилинган.

Куни кеча фаол йигит-қизлар гуруҳ раҳбари билан биргаликда 82 ёшли Рамизахон ая хонадони бўлиб, онахоннинг уй юмушларига кўмаклашишди. Ўз навбатида нуроний ёшли момо гуруҳ аъзоларига ўз миннатдорчилигини билдириб, бундай эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканини таъкидлади.

Айтиш жоиз, жорий йилнинг 24 февраль куни давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан ўтказилган очиқ мулоқоти чоғида волонтёрлик ташаббусларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам бир қатор эзгу мақсадлар билдирилган эди.

Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи келажагимиз ворислари ушбу ташаббусни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватладилар.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер