Қонунларни менсимаган мактаб директори бир марта қилган хатоси учун икки маротаба жазоланди

23:18 17 Январь 2023 Жамият
894 0

Фото: Архив сурат

Мавжуда Мамажонова 2020 йилдан буён Асака туманидаги 24-умумтаълим мактабида кадрлар бўйича менежер лавозимида фаолият юритиб келади. Бироқ жорий йилнинг август ойида мактаб маъмурияти билан вужудга келган келишмовчилик оқибатида директор томонидан ҳеч қандай асоссиз ишдан бўшатилади. Натижада у Асака тумани адлия бўлимига келиб, иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси асоссиз равишда бекор қилинганини билдириб, ушбу масалада амалий ёрдам сўради.

Ўрганиш давомида мактаб директори у билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 105- (Муддатли меҳнат шартномасини муддати тугаши муносабати билан бекор қилиш) ва 234-моддаси (Бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътиллар)нинг 5-қисмига асосан бекор қилгани аниқланди. Ваҳоланки, М. Мамажонова билан меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган бўлган. Бундан ташқари ходимни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ лойиҳаси хулоса олиш учун туман адлия бўлимининг юридик хизмат кўрсатиш марказига «E-huquqshunos» электрон тизими орқали юборилмаган. Натижада марказнинг хулосасисиз буйруқ қабул қилинган.

Қонунчиликка кўра юридик хизмат кўрсатиш маркази билан келишилмаган ҳолда юридик тусдаги ҳужжатлар қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги ва бундай ҳужжатлар қонуний кучга эга эмаслиги ҳамда улар қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармаслиги белгилаб қўйилган. Бундан кўриниб турибдики, мактаб директори томонидан бир қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган. Уларни бартараф этиш бўйича мактаб маъмуриятига бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритилган. Аммо мактаб директори томонидан мазкур тақдимнома ижроси таъминланмаган. Оқибатда директор Х.С.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1984-моддаси (Адлия органларининг бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларини бажармаслик) билан маъмурий баённома тузилиб, иш ҳужжатлари жиноят ишлари бўйича Асака туман судига юборилган.

Суд томонидан директор Х.С. юқоридаги моддага асосан айбдор деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган. Шунингдек, ушбу мансабдор шахснинг ҳаракатларида МЖтКнинг 49-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли жазо тайинлаш бўйича Асака тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига таклиф киритилди. Натижада мазкур марказ томонидан ҳам Х.С.га нисбатан БҲМнинг 5 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Фуқаро М.Мамажонова эса ўз ишига тикланди.

Илҳомжон АҲМEДОВ,

Асака тумани адлия бўлими бошлиғи,

Андижон вилояти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер