Қонун лойиҳаси депутатлар таклифи асосида маромига етказилди

19:02 20 Ноябрь 2023 Сиёсат
206 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг тармоқларини ислоҳ қилиш доирасида молиявий маълумотларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, бюджет жараёни очиқлигини таъминлаш, солиқ юкини камайтиришнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Муҳокамалар жараёнида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ижтимоий соҳаларни ривожлантириш устувор вазифа этиб белгилангани ва 2024 йил учун давлат бюджети лойиҳасида ҳам бу соҳаларга катта эътибор қаратилгани депутатлар томонидан эътироф этилди. Хусусан, қонун лойиҳасида таълим ва соғлиқни сақлаш тизимига катта эътибор қаратилган бўлиб, ушбу соҳалар харажатлари 2024 йилда мос равишда 69,1 трлн.сўм ва 33,4 трлн. сўмни ташкил қилган.

Аҳоли саломатлиги – улкан бойлик, жамиятнинг барқарор ривожланиши гаровидир. Партия аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш тарафдори.

Йиғилишда депутатлар партия позициясидан келиб чиқиб ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, тиббиёт соҳасига ажратилаётган маблағларни сарфлашда Республиканинг чекка, бориш қийин бўлган ҳар бир қишлоқ ҳудудида аҳоли сонидан қаътий назар алоҳида тиббиёт муассасаси фаолиятини ташкил қилиш ишларини якунлаш лозимлигини қайд этдилар.

Шунингдек, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан берилган таклифлар эътиборга олинганини, улар асосида ҳужжат матни такомилига етказилганини ҳисобга олган ҳолда, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар.

Фракция йиғилишида Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоровга «Банкларни трансформациялаш жараёнини тезлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида» Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Якунда йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер