Қизилқумнинг хушнуд баҳори

21:24 15 Апрель 2022 Жамият
1076 0

Фото: Халқ сўзи

Қизилқумга кўклам яна ўз сепини ёйиб, чор-атроф ажиб бир гўзалликка бурканган. Даракчи гуллар баҳорий эпкинлардан майин тебраниб, офтобнинг хийла тафтсиз нурларида минг тус жило билан пойандоз бўлади.

Инсон ҳарчанд уринмасин, чўлда бундайин хушманзарани атай яратиши мушкул. Бу шу қумликларга меҳр қўйиб, Ватан билган, шу ерларда меҳнат қилиб, саратонининг жазирамасию қишининг рутубатини назарига илмаган кишилар, чўпону чўлиқлар ва уларнинг оила аъзоларига она табиатнинг ҳар йилги кўклам совғасидир. Ва табиатгина улар қалбига сабр- қаноат, Ватанни борича севиш, ота касбини улуғлаш каби ҳисларни жойлашга қодир.

Яхшилик шарофати

Қизилқум кенгликларида Навоий вилояти аҳолисининг ўндан бир қисмигина истиқомат қилади. Чўл эса вилоят ҳудудининг ўндан тўққиз фоизидан кўпроғини эгаллаган.

Иқлими ўта континентал – саратонда иссиқ эллик даражадан ошса, қиш чилласида ҳарорат ҳар неча вақтда - 25 даражага қадар тушиб кетади. Шу боис мамлакатимиз раҳбари 2017 йили қизилқумликлар билан учрашганида мазкур биёбонларда яшашнинг ўзи қаҳрамонлик, дея таърифлаб, узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни самарали ҳал этиш, ривожлантиришдаги номутаносибликларга барҳам бериш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини тараққий эттириш, аҳолининг фаровонлигини ошириш, замон талабларига муносиб турмуш шароитларини яратиш, бандлигини таъминлашдек мажмуавий вазифаларни белгилаган эди. Мутасаддиларга ҳудудда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммолари - йўл, транспорт коммуникацияси, алоқа тармоғи, энергетика ва бошқа ҳаётий эҳтиёжлари таъминотини доимий назоратга олиш топшириқларини берганди.

Шу асосда бугун Учқудуқ туманида йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар изчиллик билан бартараф этилиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари қамровини ошириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида салмоқли тадбирлар амалга оширилмоқда.

— Овулларимизда йигирма йил ичида бирор бир иморат тикланганини эслай олмайман, — дейди учқудуқлик оқсоқол Абдулла Керимбоев. — Бузилса-бузилдики, бир ғишт қўйилган эмас. Мана, бугун қаранг, бир овулда йигирма-йигирма беш ташкилот ишлаяпти. Ҳар бир қарич ер ободонлаштириляпти. Буларнинг бариси Президентимиз ташрифининг шарофати билан бўлмоқда.

Бахтда барча баробар

Жузқудуқ овули туман маркази – Учқудуқ шаҳридан 65 километр шарқда жойлашган. «Обод қишлоқ» дастури доирасида унга элтувчи йўл таъмирланиб, овулнинг ички йўллари асфальтлаштирилди. Шунингдек, қишлоқдаги 2-сонли умумтаълим мактаби ҳамда мактабгача таълим муассасаси филиали замонавий лойиҳа асосида бунёд этилиб, қишлоқ врачлик пункти капитал таъмирланди. Сал ичкарида эса эски боғча биноси олти оилага уй-жой учун мослаштирилиб, кўркам кўринишга эга бўлди.

— Ҳар йили овулдошларимиздан кимдир кўчиб кетар, уларнинг уй-жойлари бузилиб сотилар эди, — дейди «Жузқудуқ» овул фуқаролар йиғини раиси Майрамгул Жолғасбоева. — Мана, уч йилдан бери ҳеч ким кўчгани йўқ. Кўриб турибсиз, одамларимиз уй-жойларини таъмирлаб, ободонлаштиришди. Бу қишлоқдошларимизда эртанги кунга ишончи ортгани, давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрлик туфайли уларнинг барча ҳаётий муаммолари бартараф этилаётганидан далолат.

Раиснинг эътирофида заррача муболаға йўқ. Боиси шу пайтга қадар бу ерларга тараққиёт ютуқларидан фақат электр энергиясигина келтирилган эди. Бугун Жузқудуқда 12 каналли рақамли телевидение қабули ва тарқатилиши йўлга қўйилган. Узоқ йиллар амалда бўлган рация алоқаси ўрнини замонавий мобил алоқа тармоғи эгаллади. Натижада овул Интернетга, мактаб эса “ZiyoNet” тармоғига уланди. Дарвоқе, овулда фойдаланишга топширилган мактаб ва мактабгача таълим муассасалари мебелидан тортиб ўқув жиҳозларигача, ўйинчоғидан идиш товоғигача тўлиқ янгиланди. Қишлоқ врачлик пункти эса ультратовуш текшируви аппарати ҳамда замонавий лаборатория ускуналари билан жиҳозланди.

Мазкур муассасаларни малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорида кўзда тутилган имтиёзларнинг қўлланиши мактабга тўрт, ҚВПга икки, МТМга бир нафар олий маълумотли мутахассис четдан ишга келиши, қишлоқдаги оилалар сони тўрттага ошишига имкон берди.

Замонавий қулайликлар яқинлашди

Учқудуқ тумани «Қулқудуқ» овулидан ўз ташвишига ечим истаб чиққан фуқаро Навоий вилоят марказига келиб-кетиш учун қарийб 800 километр йўл босиб, камида уч кун вақт ва 150-200 минг сўмча маблағ сарфлаши лозим.

— Биргина мисол, — дейди «Қулқудуқ» ОФЙ раиси Сейит Юсупов. — Ҳудудимизда истиқомат қилаётган ёшлар оила қуришдан олдин ОИТС лабораторияси таҳлилидан ўтиш учун Навоий шаҳрига бориб келар эди. Мана, ҳозир шундай лаборатория Зарафшон шаҳрида ишлаб турибди. Ёки бўлмаса, скрининг таҳлилини олайлик. Мобил давлат хизматлари ҳам шундай йўлга қўйилди. Яна бир гап, илгари овулларда врач, ўқитувчи етишмасди. Шароит ва имтиёз берилган эди, улар ҳам келди.

«Обод қишлоқ» дастур доирасида Қулқудуқда аҳолининг 134 та хонадони, бир мактаб, боғча ва овул шифохонаси тўлиқ таъмирланиб, маҳалла гузари, спорт майдони, болалар ўйин майдони ҳамда ҳаммом янгидан қурилди. Шунингдек, овулга элтувчи ва овул ичи йўлларидан 21,7 километр автомобиль йўллари, 5,5 километрлик ичимлик суви, электр энергияси таъминотида эса 15,7 километрлик тармоқда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Аҳолининг газ таъминотидаги эҳтиёжлари эса тўлиқ ўрганилиб, қўшимча газ баллон ҳамда газ плиталари тарқатилди.

— Учқудуқ туманида 8 та маҳаллага суюлтирилган газ таъминоти йўлга қўйилган, — дейди "Hududgaz Navoiy" газ таъминоти филиали матбуот хизмати раҳбари Зебо Қутлиева. — Жорий йилнинг биринчи чорагида истеъмолчиларга 92 тонна 640 кг суюлтирилган газ етказилди. 2021 йилда туманнинг олис овулларидаги барча истеъмолчиларнинг таъминоти автоматлаштирилган тизимга ўтказилиб, харид учун ID-карталар берилди.

Рақобат ва ривожланиш

Қизилқумда аҳоли бандлиги ҳар доим долзарб масала бўлиб келган. Ҳудуд хом ашё ресурсларига бой бўлсада транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқларидан олислиги сабаб ушбу кенгликларда кичик ишлаб чиқаришга асосланган тадбиркорлик ривож топмас эди. Президентимизнинг 2017 йил 29 сентябрдаги “ Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех туманлари, Нурота туманининг олис чўл ҳудудлари ва Зарафшон шаҳрини комплекс ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу муаммоларга қайсидир маънода барҳам берди. Мазкур ҳудудларда мавжуд табиий хом ашё, меҳнат ва ишлаб чиқариш захираларини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этиш ривожланмоқда. Мисол учун, Учқудуқда иш бошлаган “Green group Uchquduq” хусусий корхонаси енгил саноат маҳсулотлари чиқиндиларидан декоратив гипс (девор безаклари) ишлаб чиқаришга ихтисослашиб, ҳудудда рақобат муҳитини яратди.

— Туманимизнинг инвестицион жозибадорлиги ортиб, ҳудудда қулай ишбилармонлик муҳити яратилмоқда, — дейди Учқудуқ тумани ҳокими ўринбосари Отабек Рамазонов. — Юзлаб тадбиркорларимиздан ташқари республикамизнинг турли ҳудудларидан ўнга яқин юридик мақомдаги субъектлар туманимизда иш бошлаганлиги эътиборга молик. Мазкур корхоналар томонидан йўлга қўйилган ишлаб чиқариш ички истеъмол бозоримизда соғлом рақобат муҳитини яратиб, нарх-наво арзонлашиши ва барқарорлигида ҳам акс этмоқда. Масалан, «Ишонч Феруз» МЧЖ томонидан шлакоблок ва профнастил шифер ишлаб чиқаришнинг ўзлаштирилиши (илгари Зарафшон ва Навоий шаҳридан келтирилган) мазкур маҳсулотларнинг нархини 10-15 фоизга қадар арзонлаштирди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбирлар, энг аввало, янги иш ўринлари яратилишида муҳим омил бўлмоқда.

Қизилқумликлар мамлакатимиз ва ўзлари ҳаётидаги сўнгги янгиланишларни табиатнинг уйғониши, кўкламнинг иноятига ўхшатишади. Боиси кўклам чўлга ҳар сафар олам-олам қувонч олиб келади.У баҳорнинг барча байрам шодликларига уйғунлашиб, қишдан ҳориган дилларга ажиб бир хушнудлик бахшида этади. Тонглар бетакрор, олам мунаввар эканлигини кўз-кўз этиб, бийдай чўлдан гўзаллик топаётган дилбар кўнгилларни тоғдек кўтаради. Шу гўзаллик ардоғида она юртга муҳаббат гоҳи аён, гоҳи пинҳон улғаяди, улғаяверади.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер