Қизилқумда сунъий ёмғир ёғдириш технологияси ўрнатилмоқда
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Қизилқумда аждодларимиз азал-азалдан чорвачилик билан шуғулланишиб, дунёга «Бухоро қоракўли» бренди остидаги мўйначилик довруғини ёйишган.
Бироқ ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида «СЖК» (бия қони зардоби) препарати асосида сунъий уруғлантиришнинг қўлланиши қоракўлчиликда насл бузилиши оқибатида соҳа инқирозига олиб келди.

Глобал иқлим ўзгариши, сурункали қурғоқчиликлар ва чўлланиш оқибатларида серўт яйловлар йил сайин қисқариб, ҳудудларда чорвачиликни наинки ривожлантириш, балки сақлаб қолиш ҳам душвор бўлиб қолди.
— Чорвачилик Қизилқумда асрлар давомида маҳаллий аҳоли бандлигини ҳам таъминлаб келган, — дейди Конимех тумани ҳокими Руслан Рўзиев. — Мамлакатимиз Президенти вилоятимизга ўтган йилги ташрифида масаланинг шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратиб, Монголиядан иқлим шароитига тез мослашувчан «Баят» зотли қўйларни олиб келиш ҳамда вилоятимиз яйловлари ҳолатларини яхшилаш вазифаларини белгилади.

Бугун давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган сунъий ёмғир ёғдириш технологияси ўрнатиш вазифасига Навоий вилоятининг Конимех туманидаги чўл яйловида киришилди.
Республикамиз яйловларида илк бор қўлланилаётган ушбу технология атмосферадаги табиий жараёнларга таъсир кўрсатиб, булут ҳосил қилиш ва ёмғир ёғдириш имкони беради. Лойиҳа Қозоғистоннинг «International Centre of Climate Change Technologies» (ICCT) компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, Монголиядан «Баят» зотли қўйларни олиб келиш ишлари ўтган йилнинг декабрь ойида бошланиб, босқичма-босқич ниҳоясига етказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг