Қишлоқ корхонасининг экспорт салоҳияти ортмоқда

13:53 09 Август 2022 Жамият
585 0

Фото: Халқ сўзи

“Ft textile group” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси Наманган вилояти Тўрақўрғон туманининг Шаҳанд қишлоғида бундан тўрт йил аввал ўз фаолиятини бошлаган эди. Замонавий технология асосида ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхона қисқа вақт ичида вилоятнинг йирик экспортчи субъектларидан бирига айланди. Айни пайтда бу ерда йил давомида 15 минг тонна атрофида маҳсулот тайёрланиб, Россия, Туркия, Полша ва Хитой давлатларига етказиб берилмоқда.

— Бултур 33 миллион АҚШ долларига тенг савдо амалиётларини бажарган эдик, жорий йилнинг етти ойида экспорт ҳажми 21 миллион долларни ташкил этди, -дейди корхона раҳбари Абдуқаюм Саидов. —  Йил охирига қадар бу кўрсаткични 39 миллион долларга етказиш ҳаракатидамиз.

Айтиш керакки, қишлоққа саноатнинг кириб келиши маҳаллий аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш имкониятларини кенгайтирди. Ҳозирги кунга келиб корхонада 290 нафар ишчи-ходим фаолият олиб бораётгани бунинг тасдиғидир. Бу ерда технологик жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, ишловчиларга намунали меҳнат ва дам олиш шароитлари яратиб берилган. Улар ишга МЧЖнинг махсус транспортида қатнайдилар ва бепул тушлик ташкил қилинган.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер