Қашқадарёда оилавий болалар уйлари раҳбарлари ўқув курсларига жалб этилди
Фото: Халқ сўзи
Президентимизнинг 2022 йил 4 августдаги «Оилавий болалар уйлари фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида Қашқадарё вилоятида 18 та оилавий болалар уйи ташкил этилиб, айни пайтда уларда 109 нафар ўғил-қиз камолга етмоқда.

Қарши шаҳрида оилавий болалар уйлари раҳбарлари ва ўз хонадонида шундай муассаса очиш истагида бўлган ота-оналар учун ўқув курслари ташкил этилди. Машғулотлар Жамоат хавфсизлиги университети ўқитувчилари томонидан олиб борилди.
— Балоғат ёшидаги ўғил-қизни тарбиялаш осон юмуш эмас, бунинг учун ота-она катта ҳаётий тажриба ва психологик кўникмага, замонавий қараш ва билимларга эга бўлиши лозим, — дейди Қамаши туманидаги оилавий болалар уйи раҳбари Саодат Ҳамидова. — Шу жиҳатдан ўқув курсларининг ташкил этилгани биз учун жуда фойдали бўлди. Айниқса, ота-оналар ва ўқитувчилар ўртасидаги қизиқарли савол-жавоблар, ҳаётий мисоллар ва қадимий ривоятлардан фойдаланган ҳолда машғулотлар олиб борилгани бизга жуда ёқди.
Ўз билим ва малакаларини оширган оилавий болалар уйлари раҳбарлари ва ота-оналарга Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Миллий гвардияси раҳбарияти томонидан сертификатлар топширилди.
Фахриддин БОЗОРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг