Қашқадарёда 1002 та референдум участкаси ташкил этилди

19:09 31 Март 2023 Жамият
1447 0

Фото: Халқ сўзи

Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказувчи 13-Қашқадарё округ комиссиясининг илк брифинги бўлиб ўтди.

Унда округ комиссияси раиси Исоқ Аҳмедов вилоятда референдумни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

— Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори билан референдумни ўтказиш бўйича 13-Қашқадарё округ комиссияси ташкил этилиб, унга 21 нафар аъзо бириктирилди, — дейди у. — Шунингдек, вилоятнинг 2 та шаҳар ҳамда 14 та туманида 1002 та референдум ўтказиш участкалари ташкил этилиб, улар ҳақидаги маълумот ва манзиллари ОАВда эълон қилинди.

Исоқ Аҳмедовнинг таъкидлашича, ушбу участкаларнинг 803 таси умумий ўрта таълим мактабларида жойлашган бўлса, 41 таси касб-ҳунар мактаби, 48 таси маҳалла фуқаролар йиғини идораси, 16 таси тиббиёт, санаторий ва дам олиш масканлари, 19 таси давлатга қарашли корхона ва ташкилотлар, 35 таси маданият ва спорт марказлари, 13 таси ҳарбий қисм ва жазони ўташ муассасалари, 14 таси олий ўқув юртлари, 9 таси адлия идоралари ва давлат хизматлари марказлари ҳамда 4 таси тадбиркорлик субъектлари биноларида ташкил қилинган.

Тадбирда жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига тўла амал қилиниши таъкидланди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер