Қашқадарё вилоятидаги чорва молларида оқсил вирусли касаллиги​ тарқаляптими? — Давлат қўмитаси шу бўйича текширув ўтказди

12:20 19 Май 2020 Жамият
1677 0

Яқинда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятидаги чорва молларида оқсил вирусли касаллиги кўпаяётгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳолатни ўрганиш учун қўмитанинг Ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шомурод Раҳматуллаев бошчилигида эпизоотолог, вирусолог ва бошқа мутахассислардан иборат гуруҳни вилоятга хизмат сафарига жўнатди.

Ишчи гуруҳ томонидан туманлардаги чорва молларидан олинган қон ва бошқа таҳлиллар диагностик текширувлардан ўтказилганида оқсил касаллиги қайд этилмади.

Оқсил ўткир кечувчи, ўта тез тарқалувчи инфекцион вирусли касаллик бўлиб, у билан жуфт туёқли ҳайвонлар касалланади. Инфекциянинг асосий манбаси эса касал ҳайвон ҳисобланади.

Ҳайвонларнинг оқсил касаллигига чалинмаслиги учун ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилиш, ўз вақтида унга қарши эмлаш ишларини ташкил этиш зарур.

Қашқадарё вилоятида 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, 1 миллион 600 минг бошга яқин йирик ва 4 миллион 700 мингга яқин майда шохли мол парваришланмоқда. 2019 йил ва жорий йилнинг ўтган даври давомида вилоятга 3 миллион дозага яқин оқсил касаллигига қарши эмлама етказиб берилган бўлиб, вилоят бўйича 2,8 миллион бошга яқин чорва моллари оқсил касаллигига қарши профилактик эмланган.

Ҳозирги кунда вилоятдаги чорва молларининг 50-60 фоизида иммунитет фаоллиги мавжуд бўлиб, эмлаш ишлари давом этмоқда. Бугунги кун ҳолатига кўра, вилоятда 130 минг дозага яқин эмлама захираси мавжуд.

Вилоятда эпизоотик барқарорликни таъминлаш ва эпизоотияга қарши профилактик тадбирларни тизимли ташкил этиш мақсадида вилоят ҳокимининг 2020 йил 5 февралдаги фармойишига асосан, ҳайвонлар касалликларга чалинишининг олдини олиш мақсадида вилоятда “Зарбдор 70 кунлик” тадбири ташкил этилиб, эмлаш ишларини гуруҳ усулида олиб бориш учун тузилган 114 ишчи гуруҳга 425 ветеринария мутахассиси бириктирилган. Шунингдек, профилактик тадбирларни мувофиқлаштириб бориш учун алоҳида штаб ташкил этилган бўлиб (тел: (75)224-10-27), улар томонидан эпизоотик тадбирларнинг кунлик мониторинги юритилади.

Шу ўринда чорва эгаларидан молларнинг касалликлари ёки уларни эмлаш бўйича ижтимоий тармоқларга эмас, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ишонч телефонларига (+99871 202-12-00 (#201) ёки +99871 276-01-18) мурожаат қилишларини сўрар эдик.

Ветеринария ва чорвачиликни

ривожлантириш давлат қўмитаси

Ахборот хизмати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер