Қарзингиздан қачон қутуласиз, маҳалладош?
Мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бунинг натижасида ҳатто 20-30 йилдан буён оби ҳаёт етиб бормаган ҳудудларга ҳам сув келтирилиб, юртдошларимиз турмуш шароити яхшиланишига эришилмоқда.
«Андижон вилояти сув таъминоти» МЧЖ томонидан Андижон вилоятининг 2,5 миллион аҳолисига сифатли хизмат кўрсатиб келинмоқда. Юртдошларимизнинг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини таъминлаш доирасида бир ойда 6,7 млн. метр куб миқдорида сув ишлаб чиқарилади. Бунинг учун корхона томонидан 3 миллиард 8 миллион сўм миқдорида харажат талаб этилади. Шунча миқдордаги маблағ эвазига истеъмолчига етказиб берилган сув учун фуқаролардан тўланадиган тўлов қиймати бир ойда 4 миллиард сўм бўлиши керак бўлгани ҳолда афсуски, кўрсаткичлар қониқарли эмас.
Андижон вилояти ҳудудларини ичимлик суви билан таъминлаш борасида сўнги 3 йил давомида 2400 км.дан ортиқ ичимлик сув тармоқлари, 13 та ичимлик сув иншооти ва 441 та сув қудуғини қуриш ҳамда таъмирлаш ишлари амалга оширилганлиги, шунингдек, янги турар жойлар, кўп қаватли бинолар, ишлаб чиқариш корхоналари ва саноат зоналари барпо этилиши натижасида ичимлик сувига бўлган эҳтиёжнинг ортишига ва йиллик 104, млн. метр куб ёки 20 млн. метр кубга кўпроқ сув ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш талаб этилмоқда. Бу эса ўз навбатида, ичимлик суви ишлаб чиқаришдаги зарурий харажатларни аввалги йилларга нисбатан ортишига олиб келмоқда. Буларнинг барчаси истеъмолчилар томонидан тўланадиган тўловлар ҳисобига амалга оширилишини назарда тутсак масала нечоғли жиддий эканлигига гувоҳ бўламиз.
Республикамизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш сифатини ошириш борасидаги ишлар кўлами тобора ортмоқда. Бу борада бажарилиши керак бўлган энг муҳим ишлар шу йилнинг 17 июль куни давлатимиз раҳбари бошчилигида бўлиб ўтган видеоселекторда ҳам белгилаб берилди. Қолаверса, Андижон вилояти ҳокимлиги кўрсатмасига биноан аҳолидан фойдаланилган ичимлик ва оқова сув учун тўловларни ундириш маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари зиммасига юклатилди. Жорий этилган янгича услуб қандай натижа берди? Афсуски, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари томонидан бу борада жиддий ёндашув кузатилмади.
Мисол учун, Андижон шаҳридаги «Соғлом авлод» МФЙни олайлик. Ушбу ҳудудда «Андижон вилояти сув таъминоти» МЧЖ томонидан аҳолига бир ойда 25 миллион 700 минг сўм миқдорида хизмат кўрсатилгани ҳолда шу йилнинг август ойи ҳисобига 12 миллион 400 минг сўм тўлов амалга оширилган. Маҳалланинг тоза ичимлик ва оқава сувдан бўлган қарздорлиги 443 миллион 800 минг сўм эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, шу кунгача бўлган қарздорликни тўлаш учун 2 йилдан ортиқ вақт сарфланиши даркор. Бу икки йил ичида фойдаланилган хизмат учун қарздорлик кўлами яна ортишини инобатга оладиган бўлсак қарздорлик қачон тугайди? 2857 та хонадонда истиқомат қилувчи 5072 нафар аҳолининг қарздорлиги шу қадар юксак тоққа айлангунига қадар юзага келган вазиятда кимни айблаш даркор?
— Ҳудудимизга ичимлик суви масаласида 24 соат давомида хизмат кўрсатилади, — дейди МФЙ раиси Қутбинисо Ҳасанова. — Аҳолининг бу борада шикояти йўқ. Шу боис тўловлар ҳам авваллари яхши эди. Кейинги пайтларда фуқароларимиз пандемияни сабаб қилиб, фойдаланилган ичимлик ва оқава сув учун тўловни амалга оширмай қўйдилар.
3712 нафар аҳолини ўзида мужассам этган «Шўрбулоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолининг тоза ичимлик сувидан муаммоси йўқ. Аслини олганда таъминот учун бироз ноқулай ҳудудда жойлашган маҳаллага ўз вақтида хизмат кўрсатилмоқда. Шундай бўлишига қарамай маҳалла аҳлининг сувдан бўлган қарздорлиги 168 миллион сўмдан ортиб кетган. Афсуски, маҳалладошларнинг сувдан қанча қарздорлиги борлигини маҳалла раиснинг ўзи ҳам билмайди.
«Исломобод» МФЙда истиқомат қилувчи аҳолининг ичимлик ва оқава сувдан бўлган қарздорлиги 246 миллион 900 минг сўмни ташкил этади. Бироқ, аҳоли томонидан шу йилнинг август ойида тўланган тўловлар қиймати атиги 14 миллион сўмни ташкил этмоқда, холос.
— Маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг иши жуда кўп, -дейди МФЙ раиси Тожиддин Абдусаматов. — Қай бирига улгуришни ҳам билмаяпмиз. Шундай бўлса-да, вақт топиб, эшикма-эшик юриб, фуқаролардан тоза ичимлик суви учун тўловларни амалга оширяпмиз. Бироқ, йиғилган пул ҳудудимизга кўрсатилган хизмат харажатини ҳам қопламайди. Шунинг учун тўловларни ундириш учун алоҳида ходим бириктирилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, маҳалламизга, уйимизга оқиб келаётган сувнинг узлуксизлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш энг аввало, фойдаланилган тоза ичимлик суви учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишга боғлиқ. Биз тўлаётган тўловлар бизга кўрсатилаётган хизмат самарадорлигини ошириб, ижтимоий ҳолатимизни яхшилашга йўналтирилишини англаб етмоғимиз керак.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг