Қарши ва Бухоро «бозорком»ларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

21:14 04 Март 2026 Жамият
481 0

Видеодан кадр

Қарши ва Бухоро шаҳарларида бозор раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Қарши шаҳрида фаолият юритувчи деҳқон бозори раиси ва назоратчиси ўзаро тил бириктириб, бозор ҳудудида янги қурилган, 110 м2 майдондаги савдо дўконини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига, ундан 80 минг АҚШ доллари талаб қилган. Улар олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқа ҳолатда эса Бухоро шаҳридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи сотиладиган бозор раҳбари ва иш юритувчиси ўзаро тил бириктириб, бозор ҳудудида енгил конструкцияли савдо дўкони қуриб, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун 120 м2 ер майдони ажратиб бериш эвазига фуқародан 11 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Айни пайтда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а, в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер