Қарийб 7 минг ўқувчи “Нима деб ўйлайсиз...?“ рукнида иншо ёзди
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекция томонидан 6-11-синф ўқувчилари учун эълон қилинган “Нима деб ўйлайсиз..?” рукни остида иншолар танловига ижодий ишларни қабул қилиш якунланди.
Карантин даврида ўқувчилар вақтини мазмунли ўтказиш, уларга ижодий қобилияти ва амалий кўникмаларини намойиш этиш имконини бериш ҳамда уларнинг ўз фикрларини мустақил ва эркин баён қилиш саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу танловга жами 6691 нафар ўқувчилар иштирок этиш истагини билдириб рўйхатда ўтган ва ўз иншоларини юборишган.
Танлов шартига кўра ўқувчилар “Нима деб ўйлайсиз..?” рукни остидаги 6 та мавзудан бирини танлаган ҳолда мазкур мавзуда иншо ёзишлари лозим эди. Ёшларимизнинг кўпчилиги “Нима деб ўйлайсиз, келажакда қайси касб эгаларининг Ватанимизга кўпроқ фойдаси тегади? Сиз қандай касб эгаси бўлмоқчисиз?” ва “Нима деб ўйлайсиз, карантин даврида уйда ўзингиз, оилангиз ва жамият учун қандай фойдали иш қиляпсиз?” мавзуларини танлашган.
Ҳозирда иншолардаги исм-фамилиялар ўрнига махсус кодлар қўйилиб, муҳрланган ҳолда мустақил экспертларга баҳолаш учун тақдим этилган. Ғолиблар ва уларни тақдирлаш тадбирлари ҳақида карантин тугагач қўшимча маълумот берилади.
Эслатиб ўтамиз, танлов ғолиблари дипломдан ташқари эгаллаган ўрнига қараб планшет, электрон китоб ва смарт соат билан тақдирланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг