Владимир Путиннинг Ўзбекистонга келиши муҳокама қилинди
Россияда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Москва шаҳрида “Примаков ўқувлари” халқаро форум ишида иштирок этиш доирасида бугун Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда қайд қилинишича, учрашувда Ўзбекистон-Россия кун тартибидаги бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Аввало Тошкент шаҳрида куз ойида ўтказилиши режалаштирилган президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин учрашуви кун тартиби юзасидан таклифлар кўриб чиқилди.
Музокараларда Россия Президентининг Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифи иттифоқлик ва стратегик шерикликка асосланган икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, унга аниқ ва узоқ муддатли тус бериш учун алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шунингдек, вазирлар томонидан айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг