Прописка тизимини ислоҳ қилиш ички миграцияни эркинлаштиради

16:47 14 Апрель 2020 Сиёсат
1255 0

Архив фото

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида урбанизация жараёнларини жадаллаштирган ҳолда, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш зарурлиги ва бу вазифа билан боғлиқ яна бир масала – асосий ишчи кучи яшайдиган ҳамда иш ўринлари яратилаётган ҳудудлар ўртасида тафовут мавжудлиги, бунинг ечими – ички миграцияни эркинлаштиришдан иборат эканлигига тўхталиб, бунда парламент ва ҳукумат прописка масаласини ижобий ҳал қиладиган тизим ишлаб чиқиши кераклигини таъкидлаган эди.

OʻzLiDeP ўзининг сайловолди дастурида ҳам мамлакатимиздаги шаҳарларни дунёнинг ривожланган мегаполислари модели асосида тараққий эттириш, уларнинг ишбилармонлик ва бизнес марказларига, тан олинган фан, маданият, маърифат ва маънавият марказларига айланишини таъминлаш, “ақлли ва хавфсиз шаҳарлар” концепцияларини, шунингдек, шаҳарлар ва қишлоқлар ривожланишининг узоқ муддатли дастурлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таклиф этиб, ушбу дастурлар ҳар бир юртдошимизга ғамхўрлик қилиш, иқтисодиётнинг бизнес драйвери сифатида шахсий ташаббусни рағбатлантириш ғояларини илгари сурган эди.

Бу ғоялар замирида урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, ички миграцияни эркинлаштириш, аҳолининг ўзи истаган жойда яшаши ва ишлашини таъминлаш масаласи ётганлигини инобатга олсак, бу борадаги асосий тўсиқ – прописка масаласи эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Охир-оқибат бу масала бизнес юритиш ва тадбиркорлик лаёқатига эга шахсларнинг, мутахассисларнинг ўз иқтидори, имкониятларини тўлалигича намоён этишларини чеклади. Янги иш ўринлари яратиш, яратилган иш ўринларига ишчиларни жалб этишда, тадбиркорлар, ишчилар ва мутахассисларнинг доимий ёки вақтинча яшаб туришлари жараёнларида муаммолар юзага келди.

Давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномаси ҳамда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳаларни тайёрлашда фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва илғор хорижий тажриба чуқур ўрганилиб, инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қоидалар ва кафолатларни белгилашга асосий эътибор қаратилди. Мазкур ҳужжатлар лойиҳасининг қабул қилиниши билан эндиликда фуқароларга бир қатор енгилликлар яратиш таклиф этилмоқда.

Хусусан:

– Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда янги қурилган уйларнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилинаётгани;

– фуқароларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи назарда тутилаётгани;

– бошқа ҳудудларда доимий рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тошкент шаҳри ва вилоятида уйни умумий мулк ҳуқуқи асосида олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя, рента, умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш, гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларига оид битимларни нотариал тасдиқлашда ҳам ижтимоий норма тўғрисидаги қоидалар инобатга олиниши лозимлиги белгиланаётгани;

– илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкинлиги, шундан келиб чиқиб, вакиллик органларига сайланган, тегишли давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва республика аҳамиятидаги бошқа давлат ташкилотларига тайинланган ходимлар учун доимий рўйхат бўйича лавозимни эгаллаб туриш даврига оид чеклов олиб ташланаётгани;

– вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилаётгани;

– фуқароларнинг Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилаётгани;

– доимий ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади ҳамда унинг муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилаётгани;

– доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш ва мазкур жараёнларни рақамлаштириш, доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилиниб, ушбу жараёнлар идоралараро электрон дастур орқали амалга ошириш ва бир қатор бошқа ўзгаришлар назарда тутилаётгани шулар жумласидан ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳужжатлар халқчил ва муаммони ҳал этишга тўғридан-тўғри қаратилгани билан аҳамиятлидир. Чунончи, ушбу ҳужжатларга асосан прописка билан боғлиқ 10 дан ортиқ йўналишларда қонунчилигимиз ўзгаришга юз тутади. Бу эса, фуқароларимизнинг Конституцияда белгиланган эркинлик ва тенглик билан боғлиқ узвий ҳуқуқларни янада кафолатлаш имконини беради.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги OʻzLiDeP фракцияси прописка тизимининг ислоҳ этилиши мамлакатимизда урбанизация жараёнларини тезлаштиради ва пировардида аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратилади, деб ҳисоблайди. Бу эса партиянинг сайловолди дастурида илгари сурилган –“...урбанизация жараёнини халқ билан мулоқот асосида лойиҳалаштириш зарур”, деган ғоясига тўла мос келади, деб ҳисоблайди.

Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Тўлқинжон КАРИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси

аъзолари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер