Президент Учинчи Ренессансдан аввалги иккита Ренессанс қачон бўлиб ўтганини маълум қилди
Президентнинг 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтди.
"Учинчи ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаб олиши керак. Тарихга назар солсак, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган она заминимиз азалдан юксак цивилизация ва маданият ўчоқларидан бири бўлганини кўрамиз. Халқимизнинг бой илмий, маданий мероси, тошга муҳрланган қадимий ёзувлар, бебаҳо меъморий обидалар, нодир қўлёзмалар, турли асори-атиқалар давлатчилик тарихимизнинг уч минг йиллик теран илдизларидан далолат беради.
Мен юқорида Аристотелнинг фикрларини бежиз эсламадим. Ҳаммамизга яхши маълум, антик даврда Юнонистонда ёнган илм машъаласи IX-XII асрларда Марказий Осиё ҳудудида қайта порлади десак ҳақиқат. Мана шуни ҳеч қачон, ҳеч қайси биримиз унутмаслигимиз керак. Бу даврда юртимиз ҳудудида Биринчи Ренессанс юзага келди ва у бутун дунё тан оладиган машҳур алломаларни етиштириб берди. Хусусан, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Маҳмуд Замаҳшарий сингари ўнлаб буюк алломаларимизнинг жаҳоншумул илмий, ижодий кашфиётлари умумбашарият тараққиёти ривожига беқиёс таъсир кўрсатди.
Ислом маданиятининг олтин асри деб эътироф этилган бу даврда она заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий, Бурҳониддий Марғилоний, Абул Мўйин Насафий каби улуғ уламолар бутун мусулмон оламининг фаҳру ифтихори ҳисобланади.
XV асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат юртимизда Иккинчи Уйғониш, яъни Иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Абдураҳмон Жомий, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарофиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб ҳаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди.
Дунёда бундай давлат борми? Шундай, шундай уламолар, алломалар, олимлар билан ўша даврда мақтана оладиган? Шу саволга ҳаммамиз жавоб топа оламизми? Битта саволга ҳар сафар ўзимизни қийнашимиз керак. Шу буюкларга биз бугун муносиб давомчиси бўляпмизми? Бўла ололяпмизми, ҳаракат қиляпмизми деган савол албатта ҳаммамизни қийнаши керак.
Донишманд халқимиз ҳар икки Ренессанс даврида жаҳоннинг энг илғор тараққий этган халқлари қаторида бўлгани барчамизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди", деди давлат раҳбари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг